Ўзбекистон ва Покистон геология ҳамда тоғ-кон саноатида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
2026-09-07 19:40:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида Покистон Фан ва технологиялар миллий университети (NUST) ректори доктор Муҳаммад Зоҳид Латиф бошчилигидаги делегация билан расмий учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда Тоғ-кон саноати ва геология вазири Б.Исламов, вазирлик мутасаддилари ҳамда Геология фанлари университети (ГФУ) раҳбарияти иштирок этди. Ушбу учрашув икки мамлакат ўртасида соҳавий таълим, илмий-тадқиқот ва кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Учрашув давомида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда NUST ўртасида геология ва тоғ-кон саноати соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди. Томонлар мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Мулоқотнинг асосий эътибори Геология фанлари университети ва NUST ўртасидаги таълимий ва илмий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди. Хусусан, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ҳамда мутахассислар алмашинувини тизимли йўлга қўйиш, қўшма илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва академик тажриба алмашиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, NUSTнинг ГФУдаги ихтисослаштирилган кафедраси фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва унинг моддий-техник ҳамда илмий имкониятларини янада кенгаaytириш чораларини кўриш белгиланди.
Ўзбекистон ва Покистоннинг етакчи илмий ҳамда таълим муассасалари ўртасидаги бундай ҳамкорлик тоғ-кон ва геология соҳасида халқаро стандартларга мос келадиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш имконини беради. Илмий ва академик тажриба алмашинувининг йўлга қўйилиши соҳага инновацион технологияларни татбиқ этиш ва тоғ-кон саноати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.




