Ўзбошимчалик билан қум-шағал қазиб олган шахсга нисбатан жарима ва 47,6 млн сўм зарар ундириш бўйича суд қарори чиқарилди
2026-09-03 12:15:00 / Янгиликлар

Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман суди томонидан “A.T.M.Q.” МЧЖ раҳбари М.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 70²-моддаси 1-қисми билан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, тегишли рухсатномаларсиз қум-шағал аралашмасини қазиб олган ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий жарима ва давлат органига етказилган моддий зарарни ундириш жазоси тайинланди.
Ушбу қарор тоғ-кон саноати ва геология соҳасида ер қаъридан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда ноқонуний қазиб олиш ҳолатларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Аниқланишича, “A.T.M.Q.” МЧЖ раҳбари М.М. Олтинкўл туманининг Андижон туманида жойлашган захира ер майдонларидан тегишли ташкилотлар рухсатномаларисиз ҳамда рухсат этувчи ҳужжатларсиз фаолият юритган. У Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси ҳамда “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Қонун талабларига зид равишда 47 672 000 сўмлик жами 4 720 м³ қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олган.
Ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолати Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланган ва тегишли тартибда расмийлаштирилган.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар М.М. ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирди. Унинг айби ишда мавжуд бўлган баённома, тушунтириш хати ва бошқа ёзма далиллар тўплами билан ўз тасдиғини topdi.
Суд тўпланган далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, М.М.ни МЖтКнинг 70²-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топди. Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида, яъни 13 200 000 сўм маъмурий жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд қарори билан ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган 47 672 000 сўм миқдоридаги моддий зарар Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси фойдасига ундирилиши белгиланди. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида тегишли ижро варақаси Мажбурий ижро бюросига юборилди.
Ушбу суд қарори ер қаъридан фойдаланиш соҳасида қонунийлик ва тартиб-интизомни таъминлаш борасидаги қатъий позицияни кўрсатади. Табиий ресурслар давлат муҳофазасида бўлиб, улардан ноқонуний ва тартибсиз фойдаланиш атроф-муҳитга ҳамда давлат иқтисодиётига сезиларли зарар етказади.
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида давлат назоратининг самарали амалга оширилиши ноқонуний қазиш ишларининг ўз вақтида олдини олиш ва етказилган зарарни тўлиқ қоплаш имконини беради. Бу эса барча ер қаъридан фойдаланувчилар ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш зарурлигини англатади.
Табиий ресурслардан оқилона ва белгиланган тартибда фойдаланиш соҳанинг барқарор ривожланишини ҳамда атроф-муҳит муҳофазасини кафолатлайди.
Ж. Бозорхонов, Тоғ-кон саноати ва геология
соҳасини назорат қилиш инспекцияси Бош юрисконсульти.
