Ноқонуний қум-шағал қазиб олиш оқибатида 178,3 миллион сўм зарар етказган МЧЖ таъсисчисига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди
2026-09-02 09:50:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судида судланувчи Ф.Х., унинг адвокати Ж.Файзуллаев ва фуқаровий даъвогар — Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси мутахассиси иштирокида очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд мажлисида “А” МЧЖ таъсисчиси Ф.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192-11-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши атрофлича кўриб чиқилди.
Суд жараёнида аниқланишича, Ф.Х. “А” МЧЖнинг 100 фоиз улушдор таъсисчиси бўла туриб, жамият директори билан тил бириктирган ҳолда ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган. Корхонага Ховос тумани Бобур массивидаги 189қ-контурдан 10 гектар ер майдонида қум-шағал қазиб олиш учун SR 0014 F5 турдаги ва кейинчалик SR 0015 F5 турдаги рухсатнома берилган бўлишига қарамай, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этилмаган.
Суд ҳукмига кўра, Ф.Х. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 192-11-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида, яъни 41 200 000 сўм жарима жазоси тайинланди. Корхона томонидан етказилган 178 300 000 сўмлик моддий зарар тўлиқ қопланиб, ушбу маблағлар давлат бюджетига ўтказилди.
Иш ҳужжатларига кўра, “А” МЧЖ томонидан 2019–2024 йиллар давомида 516 900,0 м³ қум-шағал қазиб олингани ҳақида Давлат геология фондига 5-ГР шаклидаги ҳисоботлар топширилган. Бироқ Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ва "Ўзбеккосмос" агентлиги маълумотлари асосида ўтказилган маркшейдерлик ўлчовларида жамиятга ажратилган кон ҳудудида 584 188,1 м³, кон ажратмаси чегарасидан ташқарида эса 5 844,8 м³ қум-шағал ноқонуний қазиб олингани ошкор бўлди.
Ўтказилган экспертиза ва маркшейдерлик ўлчов натижаларига кўра, кон ажратмаси чегарасидан ташқарида ноқонуний равишда 5 844,8 м³ қум-шағал қазиб олиниши натижасида давлат ва жамият манфаатларига 178 300 000 сўм миқдорида кўп миқдорда зарар етказилган. Суд жараёнида судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганини ва қилмишидан афсусдалигини билдирди.
Суд жиноятнинг хусусияти, етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, Ф.Х.нинг муқаддам судланмагани ва қарамоғида три нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олиб, унга нисбатан жарима жазосини қўллашни лозим топди. Сирдарё вилоят прокуратурасининг депозит ҳисоб рақамига топширилган 178 300 000 сўм зарар суммаси Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси орқали давлат бюджетига ўтказилиши белгиланди.
Ушбу суд қарори ер қаъридан фойдаланиш соҳасида белгиланган қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун мажбурий эканлигини яна бир бор исботлайди. Кон ажратмаси чегараларидан чиқиш ва давлат ресурсларини ноқонуний ўзлаштириш ҳуқуқий жавобгарликка ҳамда молиявий йўқотишларга олиб келади.
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида давлат назоратининг изчил олиб борилиши, хусусан замонавий космик ва маркшейдерлик мониторинги технологияларининг қўлланилиши ноқонуний ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш имконини бермоқда. Бу эса табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ҳамда давлат иқтисодий манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Тадбиркорлар ва ер қаъридан фойдаланувчилар лицензия ва кон ажратмаси шартларига оғнишмай амал қилишлари, саноат ва экология хавфсизлиги қоидаларига риоя этишлари шарт. Қонунийликни таъминлаш ва бойликлардан оқилона фойдаланиш соҳадаги барқарор ривожланишнинг бош омилидир.
Суд ҳукми қонуний кучга кирмаган бўлиб, қонунчиликда белгиланган тартибда апелляция, кассация шикояти ёки протест келтирилиши мумкин.
Ж. Бозорхонов, Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини
назорат қилиш инспекцияси Бош юрисконсульти.
