Давлат харидлари соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва молиявий хавф-хатарларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди
2026-08-10 10:40:00 / Янгиликлар

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида давлат харидлари жараёнида амалдаги тартиб-таомилларга риоя этиш, молиявий хавфларни аниқлаш ҳамда коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга бағишланган махсус ўқув семинари бўлиб ўтди. Тадбир харидлар шаффофлигини таъминлаш ва масъул ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Семинарда вазирлик марказий аппарати ҳамда 20 дан ортиқ тизим ости корхоналарининг харид, бухгалтерия, молия, ички аудит ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари масъуллари иштирок этди. Йиғилишни Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Ф.Хамидова очиб бериб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва харидлар шаффофлигини таъминлаш борасидаги асосий вазифаларга тўхталди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси бош инспектори Ш.Солиев ҳамда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги масъул ходими Б.Тўхтасинов "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонун талаблари ва харидлар соҳасидаги сўнгги янгиликлар бўйича маъруза қилдилар. Мутахассислар контрагентларни текшириш, молиявий ва бошқа хавфларни баҳолаш ҳамда коррупциоген омилларни камайтириш механизмларини батафсил тушунтириб беришди. Шунингдек, харид қонунчилиги талабларини бузганлик учун белгиланган жавобгарлик чоралари алоҳида таъкидланди.
Ўтказилган мазкур тадбир давлат харидлари тизимида коррупциявий омилларни бартараф этиш ва бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлашга хизмат қилади. Тизимли назорат ва профилактика тадбирларининг күчайтирилиши давлат органлари фаолиятида очиқликни ошириб, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий самарадорликка эришишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.









