Янги қонун ва қатъий назорат: коррупциясиз шаффоф соҳа сари
2026-08-06 15:55:00 / Янгиликлар

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясида Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 22 июндаги ЎРҚ-1155-сон Қонуни мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш бўйича бош мутахассис Ж. Зикиров маъруза қилиб, ушбу қонунчилик ҳужжатининг соҳада қонунийликни таъминлашдаги муҳим ўрни ва амалий аҳамиятини батафсил тушунтириб берди.
Йиғилишда ЎРҚ-1155-сон Қонун билан амалдаги соҳага оид бир қатор қонун ҳужжатларига, жумладан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган муҳим ўзгартиришлар таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, янги тартибга кўра коррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхати белгиланди ҳамда давлат органларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг ваколатлари ва ҳуқуқий кафолатлари тубдан кучайтирилди. Шунингдек, коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестри юритилиши ҳамда унга киритилган шахсларга нисбатан давлат хизматига кириш ва давлат харидларида иштирок этиш бўйича қатъий чекловлар ўрнатилиши тушунтирилди.
Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва харитасини шакллантириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари ёритилди. Давлат харидларида товарларнинг бошланғич нархи ва ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовут бўйича белгиланган талабларни бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан 50 бараваригача жарима жазоси белгилангани қайд этилди. Соҳага масъул назоратчилар келгусида ҳар бир йўналишда шаффофликни ошириш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш бўйича топшириқлар олишди.
Ушбу ислоҳотлар ва назорат тизимининг кучайтирилиши соҳада давлат ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда ноқонуний ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Қонунийлик ва шаффофликнинг таъминланиши эса тоғ-кон саноати ҳамда геология соҳасида инвестициявий жозибадорликни оширишга ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга замин яратади.






