Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ISO 37001:2025 халқаро сертификатини қўлга киритди
2026-08-05 16:20:00 / Янгиликлар

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясида коррупцияга қарши самарали бошқарув тизимини жорий этиш йўналишида муҳим воқеа юз берди. Инспекцияга коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги нуфузли ISO 37001:2025 халқаро мувофиқлик сертификатини топшириш маросими ўтказилди.
Ушбу мувофиқлик сертификати тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича амалга оширилган амалий ишларнинг халқаро эътирофидир. ISO 37001:2025 стандарти коррупциявий хавфларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтиришга қаратилган тизимли ёндашувни назарда тутади.
Жараён давомида инспекция фаолияти халқаро талаблар асосида тўлиқ қайта кўриб чиқилди. Шунингдек, ички сиёсат, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, давлат харидларида шаффофликни ошириш ва бошқа асосий йўналишлар бўйича 10 дан ортиқ ички идоравий ҳужжатлар қабул қилинди ҳамда амалиётга татбиқ этилди.
Тизимда коррупцияга қарши комплекс превентив механизмларнинг яратилиши соҳада қонунийликни таъминлаш, қарорлар қабул қилишда холисликни ошириш ва давлат назорати самарадорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.
Эришилган бу натижа инспекцияда очиқлик ва жавобгарлик маданияти мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Коррупцияга қарши халқаро стандартларнинг жорий этилиши ресурслардан унумли фойдаланишни таъминлаб, давлат ва жамият манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.






