Тоғ-кон саноати ва геология инспекцияси коррупцияга қарши курашишда янги босқичга ўтди: 2,5 миллиард сўмлик зарар ундирилди ва ISO сертификати қўлга киритилди
2026-08-05 16:05:00 / Янгиликлар

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида коррупцияга қарши курашиш ҳамда соҳада шаффофликни таъминлаш йўналишида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан яқин ҳамкорликда халқаро стандартлар жорий этилиб, соҳадаги хавф-хатарлар холис таҳлил қилинди.
Ҳисобот даврида инспекциянинг 57 та фаолият функцияси атрофлича ўрганилиб, 39 та юқори, 9 та ўрта ва 9 та паст даражадаги коррупцион хавф-хатарлар аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича аниқ дастур тасдиқланди. Тизимда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида ходимлар декларациялари текширилиб, 5 та ножўя ҳолат ўз вақтида бартараф этилди.
Профилактика ва кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 83 нафар ходим иштирокида 20 дан ортиқ профилактик тадбир ўтказилди, хавф даражаси юқори бўлган лавозимлардаги 43 нафар мутахассис “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси”да ўқитилди. Шунингдек, 88 нафар ходимларнинг меҳнат шартномалари ва лавозим йўриқномаларига коррупцияга қарши мажбурий шартлар киритилди.
Молия-хўжалик фаолиятида қонунийликни таъминлаш мақсадида 45 та шартнома бўйича контрагентларнинг ишончлилиги ва молия барқарорлиги ўрганилди. Ўтказилган 10 та ички хизмат текшируви ва жиноят ишлари доирасида аниқланган 2,5 миллиард сўмдан ортиқ зарар давлат бюджетига ундирилди. Амалий ишларнинг эътирофи сифатида инспекция ISO 37001:2025 халқаро мувофиқлик сертификатига эга бўлди.
Соҳада инсон омилини қисқартириш мақсадида “Ўзинфоком” билан ҳамкорликда қиймати 45 миллиард сўмдан зиёд бўлган “E-yer qa’ri nazorati” ахборот тизими яратилмоқда. 20 га яқин вазирлик ва идоралар билан интеграция қилинадиган ушбу платформа назорат тадбирлари, қарорлар ижроси ва зарарларнинг қопланишини реал вақт режимида онлайн кузатиш имконини беради.
Амалга оширилган бу каби ишлар соҳада коррупциявий омилларни тубдан қисқартириш ва давлат назорати самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Рақамлаштириш ҳамда халқаро стандартларнинг татбиқ этилиши ер қаъридан фойдаланишда қонунийликни таъминлаб, давлат ва жамият манфаатларини ишончли ҳимоя қилади.
