Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва масъулиятли ота-оналик мезонларини шакллантириш бўйича янги тизим йўлга қўйилди
2026-08-04 17:45:00 / Янгиликлар

Янги Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш жараёнларини тизимли ташкил этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар доирасида ёш оилаларга ота-оналик масъулиятини илмий ва амалий усулларда ўргатишга қаратилган masuliyatli-ota-onalik.uz электрон платформаси ва мобил иловаси ишга туширилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бугунги кунда ёшларни оилавӣ ҳаётга тайёрлаш ва ота-оналик кўникмаларини шакллантириш дастурларига талаб кескин ортмоқда. Оила ажримларининг олдини олиш, низоларни бартараф этишда психологик, ҳуқуқий ва тиббий билимларнинг етишмаслиги ҳамда профессионал ёндашувларнинг камлиги ушбу ташаббусни ҳаётга татбиқ этишни талаб этди.
Платформа орқали оилавӣ муносабатларни барқарорлаштириш ва миллий қадриятларга асосланган фаровон оилаларни шакллантириш кўзда тутилган. Ўқув жараёни мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган 5 та таълим модулини ўз ичига олади: ота-оналикка тайёргарлик (1 дарс), репродуктив саломатлик (5 дарс, 148 дақиқа), педагогик-психологик малакалар (1 дарс, 17 дақиқа), иқтисодий билимдонлик ва молиявий режалаштириш (1 дарс, 19 дақиқа) ҳамда маънавий-ахлоқий муҳит яратиш (1 дарс, 16 дақиқа).
Лойиҳа доирасида ўқув қўлланмалари, электрон тарғибот материаллари, видеодарслар, подкастлар ва аудио/видео реелслар яратилиб, платформа орқали оммалаштирилди. Махсус ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган оилаларга сертификат тақдим этиш тизими йўлга қўйилди. Амалга оширилаётган мониторинг ва назорат тадбирлари орқали оилаларни маърифий қўллаб-қувватлаш механизмлари доимий такомиллаштириб борилади.
Ушбу натижалар оилавӣ муносабатларни илмий ва рақамли ёндашувлар орқали тартибга солиш жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилишини кўрсатади. Профилактик билимларнинг оширилиши ва масъулиятли ота-оналик мезонларининг жорий этилиши арзимас сабаблар билан оилалар бузилишининг олдини олади.
Қонунийлик ва барқарорликнинг таъминланиши, ўз навбатида, оила иқтисодиётини тўғри режалаштириш ҳамда жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
