Тоғ-кон ва геология соҳасида кадрлар тайёрлашнинг янги тизими жорий этилмоқда
2026-08-03 12:20:00 / Янгиликлар

Геология фанлари университетида тоғ-кон саноати, геология ва минерал ресурслар соҳаларида касбий малакаларни ривожлантиришга бағишланган икки кунлик семинар-тренинг бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Миллий малака тизимини ривожлантириш институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мулоқотда вазирлик, соҳавий илмий ва таълим муассасалари ҳамда тармоқнинг етакчи корхоналари мутахассислари иштирок этиб, Миллий малака тизимини амалиётга татбиқ этиш ва касбий талабларни замонавий ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мослаштириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Йиғилишда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш механизмларини такомиллаштириш, дуал таълимни кенгайтириш ҳамда таълим билан ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга алоҳида урғу берилди.
Амалий босқичда орта бўғин раҳбарларининг касбий компетенцияларини баҳолаш ва кадрлар захирасини шакллантириш тартиби кўриб чиқилди. Шунингдек, бевосита корхоналарда ўқув полигонлари, ўқув-ишлаб чиқариш майдончалари ҳамда талабалар амалиёти учун замонавий лабораториялар ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди. Тадбир якунида тармоқ учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва амалиётга йўналтирилган таълимни ривожлантириш бўйича устувор вазифалар келишиб олинди.
Ушбу амалий қадамлар минерал-хомшё базасини ривожлантиришда инсон капитали ролини оширишга хизмат қилади. Малака талабларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мослаштирилиши тармоқ корхоналарида технологик жараёнлар самарадорлигини таъминлаш ва кадрлар етишмовчилиги хавфини камайтиришга замин яратади.








