Ўзбекистон ва Польша тоғ-кон ҳамда геология соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
2026-07-28 16:40:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Ф. Хамидова ҳамда Польша Республикасининг мамлакатимиздаги Муваққат ишлар вакили Мариан Пжездецки ўртасида амалий мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки давлат ўртасида геология ва тоғ-кон саноатини ривожлантириш, замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш, геологик қидирув кўламини кенгайтириш ҳамда ўзаро инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Соҳа ривожида халқаро анжуманлар ва мулоқот майдончалари муҳим ўрин тутади. Шу боис томонлар жорий йилнинг 9–11 сентябрь кунлари Польшанинг Катовице шаҳрида ўтказиладиган “Future Mining Forum & Expo” халқаро форуми ҳамда Тошкент шаҳрида режалаштирилаётган “GEOMIN-2026” халқаро форумида фаол иштирок этишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Музокаралар чоғида тоғ-кон соҳасига илғор Европа тажрибасини татбиқ этиш ва тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш бўйича аниқ келишувларга эришилди. Истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ер ости бойликларидан оқилона фойдаланиш мулоқотнинг марказий мавзуси бўлди.
Шунингдек, жорий йилда Польша тоғ-кон компаниялари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида вазирлик раҳбарияти билан алоҳида учрашув ташкил этиш белгиланди. Ушбу ташриф амалий лойиҳалар ва инвестиция таклифларини бевосита жойида муҳокама қилиш имконини беради.
Тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги бундай стратегик шериклик минерал-хом ашё базасини модернизация қилиш ҳамда соҳага илғор хорижий технологиялар ва сармояларни жалб этиш имкониятларини кенгайтиради.
Ер ости бойликларидан самарали ва қонуний фойдаланиш устидан тизимли ёндашувни шакллантириш, ўз навбатида, давлат иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ва саноат салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.


