Тоғ-кон ва геология соҳасида рақамлаштириш: Инсон омилисиз назорат ва шаффофлик сари янги қадам
2026-07-23 14:55:00 / Янгиликлар

Тўғри ва шаффоф назорат тизими давлат органлари фаолиятида самарадорликни оширишнинг бош омилидир. Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси 2026 йилнинг 1-ярим йиллиги якунлари бўйича рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш йўналишида амалга оширилган ишларни тақдим этди. Асосий эътибор маиший коррупциянинг олдини олиш, назорат тадбирларида инсон омилини қисқартириш ва барча жараёнларнинг тўлиқ шаффофлигини таъминлашга қаратилган.
Шу мақсадда Инспекция томонидан “Uzinfocom” МЧЖ ягона интегратори билан ҳамкорликда “YER-QA‘RI NAZORAT” ахборот тизимини ишлаб чиқиш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда. Тизимни манфаатдор давлат идораларининг ахборот базалари билан интеграция қилиш юзасидан Рақамли ҳукумат ишини такомиллаштириш бўйича тайёрланаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳасига тегишли таклифлар киритилди.
Бугунги кунга қадар “YER-QA‘RI NAZORAT” тизимининг техник топшириғи ишлаб чиқилди ва зарур ҳужжатлар комплекти тўлиқ шакллантирилди. Ҳужжатлар йиғма жилдига мувофиқ жараёнда қатнашувчи давлат ташкилотлари ҳамда уларнинг ахборот тизимлари рўйхати ажратиб олинди, бирламчи алгоритм схемаси яратилди. Таҳлилчилар билан биргаликда ҳужжатларни босқичма-босқич рақамлаштириш имкониятлари ўрганилиб, ахборот тизимининг бирламчи прототипи амалиётга жорий этилди ҳамда синов босқичига юборилди.
Шунингдек, соҳада “Хавфни таҳлил қилиш ва Конгеотехназорат” ахборот тизими яратилмоқда. Ушбу технология тадбиркорлик субъектларини ўрганиш ва назорат тадбирларини тайинлашда инсон омилини тўлиқ чиқариб ташлаш имконини беради. Тизим мавжуд ҳужжатлар ва ҳисоботларни автоматик равишда таҳлил қилиб, текшириш заруратини холис белгилайди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Лицензия” ахборот тизимлари мажмуаси орқали кўрсатиладиган давлат хизматларига сунъий интеллект технологиялари татбиқ этилмоқда. Бу рухсатнома бериш ва мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнларини автоматлаштиришга хизмат қилади.
Рақамлаштириш ва сунъий интеллектнинг жорий этилиши назорат фаолиятида субъектив усуллар ҳамда коррупция хавфини кескин камайтиради. Автоматлаштирилган таҳлил тизими ҳалол тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олади ва ер қаъридан фойдаланишда қонунийликни мустаҳкамлайди. Бу эса соҳада соғлом рақобат муҳити ва давлат ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлашнинг муҳим кафолатидир.
