Пскентда норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш ҳолати аниқланди
2026-07-08 09:45:00 / Янгиликлар

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси Марказий минтақавий бошқармаси томонидан Пскент туманида жойлашган "Istiqlol-III" конида ер қаъридан фойдаланиш ва саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан текширув ўтказилди. Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 31 октябрдаги "Ер қаъри тўғрисида"ги ЎРҚ-987-сон Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПҚ-187-сон қарори талаблари асосида ташкил этилган ушбу тадбир давомида "T.N.M." МЧЖ фаолиятида жиддий қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилди. Космик мониторинг маълумотлари асосида ўтказилган ўрганишлар жамият томонидан белгиланган чегаралардан чиқиб кетилганини кўрсатди.
"Olmaliq KMK" АЖ маркшейдерлик бўлими мутахассислари иштирокида ўтказилган ўлчов ва ҳисоблаш ишлари натижасида аниқланишича, субъект томонидан 2021 йил 29 июндан 2026 йил 4 февралга қадар кон ажратмаси ҳудудидан яъни 1,63 гектар ер майдонидан 36761 метр куб қум-шағал аралашмаси қазиб олинган. Бироқ жамият қонуний ҳудуддан ташқаридаги 4,77 гектар ер майдонидан ҳам 93299 метр куб ҳажмдаги норуда фойдали қазилмаларни ўзбошимчалик билан қазиб олганлиги тасдиқланди.
Текширув давомида корхонанинг 2026 йил учун мўлжалланган йиллик иш режаси инспекция билан келишилмагани, бурчак чегара нуқталарига реперлар ўрнатилмагани ҳамда тоғ-кон ишларини юритиш ва сувдан махсус фойдаланиш учун тегишли рухсатномалар мавжуд эмаслиги фош этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги ЎРҚ-57-сонли Қонуни талаблари бузилиб, объект ягона реестрдан ўтказилмаган ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинмаган. Жамият раҳбари Б.О.га аниқланган барча камчиликларни бартараф этиш бўйича муддати белгиланган ёзма кўрсатма топширилди ва йиғилган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
Ушбу назорат тадбири натижалари ер қаъридан фойдаланишда космик мониторинг тизими самарадорлигини ва ўзбошимчалик билан табиий ресурсларни талон-тарож қилишга чек қўйиш зарурлигини кўрсатади. Давлат назоратининг кучайтирилиши минерал хомашё базасини асраб-авайлаш ҳамда ноқонуний тадбиркорлик туфайли иқтисодиёт ва табиатга етказиладиган зарарларнинг олдини олишга хизмат қилади.
