Инспекцияда янги рақамли тизим муҳокама қилинди: 21 турдаги хизмат ягона электрон платформага бирлаштирилади
2026-07-07 16:50:00 / Янгиликлар

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясида “Конгеотехназорат” ахборот тизимининг таркибий қисми ҳисобланган “Хавфни таҳлил қилиш” электрон ахборот тизими ҳамда “Рухсатнома бериш” модулини амалиётга жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Инспекция бошлиғи ўринбосари О. Зарипов бошчилигида ўтган ишчи гуруҳ йиғилишида масъул мутахассислар ҳамда “Узинфоком” ягона интегратори вакиллари иштирок этди. Учрашувда соҳани тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган тақдимот материаллари ва архитектура лойиҳалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда қайд этилишича, янги рақамли механизм тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликка риоя этиш даражасини автоматлаштирилган тарзда баҳолаш имконини беради. Амалдаги жараён таҳлили шуни кўрсатадики, тизимда барча иловалар PDF шаклида юклангани сабабли маълумотларни автоматик ажратиш имкони йўқ ва инспекторлар уларни қўлда ўқишга мажбур бўлмоқда. Оқибатда аризачилар томонидан хизмат турининг нотўғри танланиши сабабли аризаларнинг ўртача 30–35 фоизи камчиликлар билан ортга қайтарилмоқда. Ҳозирда нефть-газ йўналишида ойлик аризалар ўртача 10 тани, ер ости йўналишида 220 тани, саноат хавфсизлигида эса 200 тани ташкил этиб, ижобий қарорлар кўрсаткичи атиги 45 фоиздан 60 фоизгача етмоқда.
Рақамлаштириш ишлари доирасида жами 21 турдаги рухсатнома ва хизматлар ягона тизимга бирлаштирилмоқда. Улардан 13 таси ташқи тизимлар, жумладан, “Лицензия” ахборот тизими, ЙИДХП, Геомониторинг ҳамда Nazorat.mc.uz билан интеграция орқали фақат Бэк офис режимида ишласа, қолган 8 та анъанавий қоғоз шаклидаги хизмат тўлиқ электрон кўринишга ўтказилади. Тизим 12 та ариза ҳолатидан иборат ягона занжир асосида иш юритади. Аризачидан ортиқча ҳужжат талаб қилмаслик учун Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Мehnat.uz ва Кадастр агентлиги каби 8 та ташқи давлат тизими билан автоматик маълумот алмашинуви йўлга қўйилади.
Инспекторлар юкламасини 40 фоизга камайтириш мақсадида жойга чиқиб ўрганиш жараёнлари учун махсус планшет модули жорий этилмоқда. Бу модуль объектда GPS геолокация, фото ва видео далилларни қайд этиб, интернет бўлмаган ҳудудларда офлайн режимда ишлаш ва кейинчалик автоматик синхронизация қилиш имконини беради. Дастурнинг якуний босқичида эса RAG технологиясига асосланган сунъий интеллект модули ишга туширилади. Сунъий интеллект аризаларни норматив базага солиштириб, талаб бажарилганда QR-кодли ҳужжатни автоматик шакллантиради ва аризаларнинг қайтарилиш кўрсаткичини 15–20 фоизгача қисқартиради.




