Ғузорда ноқонуний қазиб олиш ҳолати аниқланди: Табиатга 200 миллион сўм зарар етказилган
2026-07-03 10:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясининг Жанубий ҳудудий бўлими томонидан Ғузор туманида ўтказилган текширувлар жараёнида ер қаъридан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди. Тумандаги “Пахтазор” МФЙ ҳудудида олиб борилган назорат тадбирлари натижасида тадбиркорлик субъекти томонидан қонун талаблари қўпол равишда бузилгани аниқланган. Ушбу ҳолат табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ҳамда давлат манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишидаги назорат тадбирларининг доимий фаоллигини кўрсатади.
Аниқланишича, туманда фаолият юритувчи “О.Т.А.О.” МЧЖ раҳбари С.А.И. Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 31 октябрдаги “Ер қаъри тўғрисида”ги Қонунининг 31-моддаси талабларига зид равишда иш тутган. Корхона мутасаддилари ҳеч қандай рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш фаолияти билан шуғулланган. Ноқонуний қазишма ишлари 2025 йил 14 июлдан бошлаб то 2026 йил 27 февралга қадар узлуксиз давом эттириб келинган.
Текширув давомида ноқонуний қазиб олинган қум-шағал аралашмасининг умумий ҳажми 7 048,82 м³ эканлиги ҳисоблаб чиқилди. Ушбу ноқонуний ҳаракатлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда, аниқроғи 200 000 000 сўм моддий зарар етказилган. Етказилган зарар миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 ноябрдаги “Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 666-сон Қарори талабларига асосан холис баҳоланди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолати бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.
Ж.Бозорхонов - Бош юрисконсульт
