Тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги ишлар — парламент назоратида
2026-07-01 15:45:00 / Янгиликлар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясининг 2026 йилнинг ўтган давридаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.
Йиғилишда соҳада амалга оширилаётган ишлар, саноат хавфсизлигини таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда инспекция раҳбарияти учун белгиланган самарадорлик кўрсаткичларининг ижроси атрофлича муҳокама қилинди.
Маълум қилинганидек, ҳисобот даврида нефть ва газ объектларида 400 дан ортиқ профилактика тадбирлари ўтказилган, шунингдек, 62 та камерал назорат амалга оширилган.
Кончилик ва портлатиш ишлари соҳасида 201 та назорат тадбири ташкил этилган. Натижада 1 248 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича 175 та ёзма кўрсатма ҳамда 136 та маълумотнома ва хулосалар берилган. Ҳаёт ва соғлик учун хавф туғдирувчи ҳолатлар аниқлангани муносабати билан 7 та хавфли ишлаб чиқариш объектида ишлар вақтинча тўхтатилган.
Ер ости сувларидан фойдаланиш соҳасида ҳам тизимли назорат ишлари олиб борилмоқда. Ўтказилган ўрганишлар давомида 129 та ҳолат таҳлил қилиниб, қонунчилик талабларига зид ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Йиғилишда соҳада рақамли трансформация жараёнларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, инспекция фаолиятини рақамлаштириш мақсадида “YER-QA’RI NAZORAT” ахборот тизими ишлаб чиқилаётгани таъкидланди. Мазкур тизим назорат тадбирларини электрон шаклда ташкил этиш, инсон омилини камайтириш, маълумотлар шаффофлигини таъминлаш ҳамда коррупция хавфларини қисқартиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Муҳокамалар давомида депутатлар соҳада эришилаётган натижалар билан бирга, айрим масалаларга ҳам эътибор қаратдилар. Хусусан, ноқонуний қазиш ишларига қарши курашишни янада кучайтириш, ер қаъридан фойдаланиш устидан давлат назорати таъсирчанлигини ошириш, саноат хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Шунингдек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, хавфли ишлаб чиқариш объектларида бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирларни кучайтириш, соҳада очиқлик ва жамоатчилик назоратини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Йиғилишда тоғ-кон саноати ва геология соҳасида амалга оширилаётган ишлар устидан парламент назорати изчил давом эттирилиши таъкидланиб, муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.









