Инспекция фаолиятида янги босқич: коррупцияга қарши муросасиз ва шаффоф тизим
2026-06-24 17:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 22 июнда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1155-сонли Қонун имзоланди. Мазкур ҳужжат билан 3 та кодекс ва 5 та қонунга ўзгартиришлар киритилиб, коррупцияга қарши курашишнинг ягона ва яхлит тизими яратилди. Янги механизмлар ер қаъридан фойдаланиш ҳамда назорат тадбирларини амалга оширувчи Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси фаолиятида қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.
Президентнинг ПҚ-81-сонли қарори асосида йўлга қўйилган рейтинг баҳолаш тизимида Инспекциянинг кўрсаткичлари тубдан ўзгарди. Инспекция 2022 йил якуни бўйича 34 балл, 2023 йилда 21 балл ва 2024 йилда 0 балл билан «қониқарсиз» баҳоланиб келаётган эди. Бироқ халқаро стандартларни самарали жорий этиш натижасида Инспекция 2025 йил якунларига кўра 100 баллдан 92 балл тўплади ва фаолият самарадорлиги «аъло» деб топилди. Ушбу муваффақият учун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2026 йил 6 апрелда Инспекция ходимларига миннатдорчилик хати берилди.
Янги Қонунга мувофиқ коррупциявий жиноят содир этган шахсларнинг электрон реестри юритилади. Ушбу реестрга киритилган шахсларга давлат хизматига кириш ва давлат харидларида қатнашиш тақиқланиши Инспекция учун ишончли кадрларни танлаш имконини беради. Инспекциянинг комплаенс назорат тузилмалари тоғ-кон объектларига тўсқинликсиз кириш, жараёнларни кузатиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бевосита ҳамкорлик қилиш ваколатига эга бўлди. Агар идоранинг биринчи раҳбарида коррупциявий аломатлар аниқланса, комплаенс раҳбари унинг ваколатларини вақтинча тўхтатиш таклифини киритиши мумкин.
Комплаенс ходимлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ёки тинтув ўтказиш фақат Бош прокурор рухсати билан амалга оширилади. Бу дахлсизлик Инспекциянинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, манфаатлар тўқнашувини бошқариш ва ички хизмат текширувларини ўтказиш каби 10 та ички меъёрий ҳужжатларнинг ҳаётга қатъий татбиқ этилишини кафолатлайди. Коррупциявий хавф-хатарлар харитаси орқали эса кончилик объектларидаги камчиликлар барвақт аниқланади.
Ушбу натижалар назорат тизимининг кучайиши ер қаъри бойликларидан ноқонуний фойдаланиш хавфини кескин камайтиришини кўрсатади. Қонунийликнинг таъминланиши соҳадаги иқтисодий зарарларнинг олдини олади ва шаффофлик муҳитини мустаҳкамлайди. Бу эса тоғ-кон ва геология тармоғига хорижий инвесторлар ишончини ошириб, давлат назорати самарадорлигини янги босқичга олиб чиқади.


