Ер ости сувларидан фойдаланиш: Тадбиркорлар муаммолари жойида ҳал этилмоқда
2026-06-18 16:15:00 / Янгиликлар

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси жисмоний ва юридик шахслар учун навбатдаги сайёр қабулни ўтказди. Ушбу тадбир "O'zbekgidrogeologiya" давлат муассасаси тасарруфидаги Давлат геологик мониторинг хизмати Тошкент гидрогеология ва кузатиш станцияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мулоқот давомида тадбиркорлар ва фуқароларнинг ер ости бойликларидан оқилона фойдаланиш ҳамда соҳадаги қонун ҳужжатларига риоя этиш билан боғлиқ долзарб муаммолари атрофлича кўриб чиқилди. Мазкур учрашув жойлардаги тизимли камчиликларни аниқлаш ва уларга тезкор ечим топиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.
Сайёр қабулда Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Ж. Адилов ҳамда Давлат геологик мониторинг хизмати бошлиғи Б. Айтметов иштирок этди. Масъул раҳбарлар соҳа фаолиятига оид мурожаат ва таклифларни бевосита тинглаб, барча масалаларга жойида амалий ечим топиш чораларини кўрди.
Учрашувда тадбиркорлик субъектлари вакиллари ўз фаолиятларида ер ости ва артезиан сувларидан фойдаланиш тартиби ҳамда фойдаланилган сув тўловлари миқдорини ҳисоблаш каби масалаларни ўртага ташлади. Шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборилган мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил қилинди.
Жойларда ечилмаётган масалалар юзасидан мурожаат қилган тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий кўмак берилди. Шу билан бирга, сув ресурсларидан ҳужжатсиз ёки белгиланган лимитдан ташқари фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида назорат тадбирлари давом эттирилиши маълум қилинди. Муаммога дуч келаётган субъектларга эса доимий равишда амалий ёрдам кўрсатилади.









