Инспекция ходимлари БМТ Давлат хизмати куни муносабати билан Геология музейига ташриф буюрди
2026-06-17 14:45:00 / Янгиликлар

23-июн – БМТ Давлат хизмати куни муносабати билан Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси ходимлари Геология музейига ташриф буюрди. Мазкур маърифий тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 19-июндаги ПФ–95-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда давлат фуқаролик хизматининг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир доирасида Инспекция ходимлари, тизимда фаолият кўрсатаётган давлат хизматчиларининг оила аъзолари ҳамда соҳага оид олий таълим муассасаларининг битирувчи босқич талабалари юртимизнинг геологик бойликлари, ноёб минерал намуналари ва соҳа тарихига оид экспонатлар билан яқиндан танишдилар. Музей бўйлаб ташкил этилган экскурсия давомида иштирокчиларга геология соҳасининг ривожланиш босқичлари, олиб борилган илмий тадқиқотлар ҳамда мамлакатимизнинг минерал-хомашё салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Давлат назорати органлари ходимларининг касбий маҳорати ва дунёқарашини юксалтиришда бундай тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга. Ер ости бойликларидан оқилона фойдаланиш ва соҳада қонунийликни таъминлаш вазифаси юкланган Инспекция вакиллари учун миллий геология тарихи ва бугунги салоҳиятни чуқур англаш бевосита хизмат мажбуриятларини сифатли бажаришга хизмат қилади. Мониторинг ва назорат тадбирларининг самарадорлиги соҳага оид фундаментал билимларнинг қай даражада мустаҳкамлигига боғлиқдир.
Ушбу маърифий ва амалий учрашув геология соҳасида давлат назоратини амалга оширишда нафақат техник қоидалар, балки бой тарихий тажрибага таяниш зарурлигини кўрсатади. Назорат тизимининг интеллектуал жиҳатдан кучайиши соҳада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга, давлат ресурсларини муҳофаза қилишга ҳамда ер ости бойликларини ўзлаштиришда иқтисодий барқарорликни таъминлашга замин яратади. Қонунийликнинг қатъий таъминланиши эса мамлакат инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг асосий омилидир.







