Ангрен кўмир конларида саноат хавфсизлиги ва қонунийликни таъминлаш борасидаги назорат тадбирлари кучайтирилмоқда
2026-06-15 14:55:00 / Янгиликлар

Инспекция мутахассислари томонидан қўшимча келишувларсиз 5 маротаба назорат-профилактика тадбирлари ўтказилди. Текширувлар “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг “Ангрен кўмир кони” филиалига қарашли кўчки ҳудуди, 1- ва 3-участкалар, “Шахта усулида кўмир қазиб олиш” бўлими, шунингдек, “Транспорт” филиалининг “Темир йўл транспорти” йўналиши ҳамда “Тоғ транспорт ускуналарини таъмирлаш заводи” филиалларида ташкил этилди. Текшириш давомида аниқланган камчиликлар юзасидан расмий ёзма кўрсатмалар расмийлаштирилиб, уларни бартараф этишнинг аниқ муддатлари белгиланди. Шу билан бирга, тоғ-кон ишлари олиб борилаётган кўчки ҳудудларида доимий равишда жойига чиққан ҳолда мониторинг олиб борилмоқда.
Саноат хавфсизлиги талабларига риоя этиш ва тегишли рухсатномалар бериш йўналишида ҳам аниқ чоралар кўрилди. Жумладан, “GORNO-RUDNIE TEXNOLOGII” TOO (“Тоғ-кон технология” ўқув-маслаҳат маркази давлат муассасаси) томонидан Давлат хизматлари маркази орқали тақдим этилган рухсатнома олиш бўйича мурожаат жойида ўрганилди. Инспекция бош мутахассиси Ш.А. Жўраев ва корхона раҳбарининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари О.Б. Усумбеков иштирокида “Ангрен кўмир кони” филиалининг “Апартак” кўмир конида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 октябрдаги 566-сонли қарорининг 31-илова талаблари асосида ўрганиш ўтказилди ва тегишли далолатнома расмийлаштирилди.
Бундан ташқари, инспекция томонидан объектларга бормасдан, камерал текширув ва учрашувлар ўтказиш услуби ҳам қўлланилди. “BAB ENERGY VE PETROL URUNLERI AS” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонанинг мурожаат хати асосида жойига чиқмаган ҳолда 1 маротаба таҳлилий учрашув ташкил этилди. Ушбу корхонага Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ва Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2020 йил 11 ноябрдаги 712-сонли қарорининг 32-, 33- ва 35-бандлари асосида ходимларнинг билимлар синовини ўтказиш бўйича зарур тушунтиришлар берилди. Шунингдек, инспекция вакиллари “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг “Ўқув маркази” ва “Техник таълим” нодавлат таълим муассасасида тоғ-кон машиналари ва транспорт йўналишида таҳсил олган ўқувчиларнинг билимлар синовида бевосита иштирок этди.
Ўтказилган тадбирлар натижалари тоғ-кон саноатида давлат назорати механизмларининг самарали ишлаётганини кўрсатади. Назорат тадбирларининг доимий равишда, айниқса юқори хавфли кўчки ҳудудларида мунтазам олиб борилиши ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиниши нафақат техник хавфсизликни таъминлайди, балки корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини ошириш, ресурсларнинг нобуд бўлишини камайтириш ва кўмир қазиб олиш самарадорлигини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этади.


