Ҳарбийлаштирилган кон қутқарув қисмида ҳафтанинг бир куни спорт куни деб эълон қилинди
2026-06-05 16:10:00 / Янгиликлар

Ушбу ташаббус 2026 йил 7 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Давлат раҳбарининг топшириқлари асосида Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан махсус назорат режаси ишлаб чиқилган бўлиб, спорт тадбирлари мазкур режадаги вазифаларни самарали ташкил этишнинг муҳим бўғини ҳисобланади.
Тизимдаги бўлинмаларда ҳамда махсус спорт базасида ташкил этилган минифутбол мусобақалари қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтди. Унда қутқарувчилар ва соҳа ходимлари ўзларининг жисмоний салоҳиятини, юқори жамоавий ҳамжиҳатлигини ҳамда ғалабага бўлган интилишларини намойиш этди. Мусобақалар ходимларнинг спортга бўлган қизиқишини кучайтириш билан бирга, кундалик оғир хизмат фаолиятидан сўнг жисмоний ва руҳий тикланишларига хизмат қилмоқда.
Инспекция томонидан тасдиқланган мониторинг механизмига мувофиқ, ҳафталик спорт кунлари шунчаки расмий тадбир эмас, балки ходимларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг доимий воситасига айланади. Келгусида спорт кунлари доирасида бошқа оммавий спорт турлари бўйича ҳам мусобақалар ўтказиш ва моддий-техник базани янада мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Соҳа ходимларининг жисмоний чиниқиши ва саломатлиги бевосита ишлаб чиқариш ҳамда кон-қутқарув ишларининг хавфсизлигига таъсир кўрсатади. Назорат тизимининг бундай ижтимоий чоралар билан кучайтирилиши ҳар қандай фавқулодда вазиятда тезкор ва самарали ҳаракат қилиш имкониятини кенгайтиради.
Ходимларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш корхоналар барқарорлигини таъминлаш билан бирга, техноген хавфларнинг олдини олиш орқали иқтисодий зарарларни кескин камайтиришга хизмат қилади. Соғлом жамоа — кончилик хавфсизлиги ва қонунийликни таъминлашнинг энг асосий пойдеворидир.


