Деҳқонобод калий заводида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича махсус ўқув машғулоти ўтказилди
2026-06-04 14:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги 1027-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида хавфсизлик тадбирлари амалга оширилди. Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекциясининг 2026 йил 27 февралдаги буйруғига асосан “Деҳқонобод калий заводи” акциядорлик жамиятига қарашли Тоғ-кон мажмуасида махсус тактик ўқув машғулоти ташкил этилди. Ушбу тадбир ишлаб чиқариш объектларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни барвақт аниқлаш тизимини синовдан ўтказишга қаратилди.
Тактик машғулотда мутасадди ташкилотлар вакиллари, мажмуанинг муҳандис-техник ходимлари ҳамда 9-алоҳида ҳарбийлаштирилган кон қутқарув взводи шахсий таркиби иштирок этди. Жараёнда саноат объектларида юзага келиши мумкин бўлган техноген хавфларни тезкор бартараф этиш, қутқарув бўлинмаларининг шайлиги ва ходимлар билан ўзаро ҳамкорлик механизмлари амалда машқ қилинди. Объектнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича келгуси вазифалар белгилаб олинди.
Ўтказилган тадбир стратегик аҳамиятга эга бўлган кимё ва тоғ-кон саноати объектларида техник хавфсизлик назорати тизими доимий такомиллаштирилаётганини кўрсатади. Бу каби профилактика чоралари ишлаб чиқариш муассасалари ходимларининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, техноген хавфларнинг олдини олиш ҳамда давлат мулки дахлсизлигини таъминлашнинг муҳим иқтисодий ва ижтимоий кафолати ҳисобланади.


