Фарғона ва Ўзбекистон туманларида норуда конларидан чиқиш йўлларига сунъий интеллектли камералар ўрнатилиши муҳокама қилинди
2026-06-04 11:15:00 / Янгиликлар

Фарғона тумани ҳокимлиги биносида ҳамда Ўзбекистон туманида ташкил этилган ушбу тадбирларда ер қаъридан фойдали қазилмалар ва норуда қимматликларни қазиб олиш ҳамда реализация қилиш жараёнида яширин айланмаларни қисқартириш масалалари диққат марказида бўлди. Лойиҳага кўра, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан карьерлардан чиқадиган асосий транспорт йўналишларига сунъий интеллект технологияларига асосланган кузатув камералари ўрнатилади.
Йиғилишда тадбиркорларга Фарғона вилояти бўйича норуда фойдали қазилма жойлашган қазилмагоҳлардан чиқадиган йўлларга кузатув камераларини ўрнатиш учун мўлжалланган ҳудудларнинг схема-хариталари намойиш этилди ва дастурнинг ишлаш тартиблари батафсил тушунтирилди. Махсус дастурий таъминот юк автомашиналарининг русуми, давлат рақами, юк тури ва ҳажмини ҳамда уларнинг ҳаракатланиш йўналишларини реал вақт режимида автоматик аниқлаш имкониятига эга.
Ушбу рақамлаштириш чоралари кон саноатида назорат механизмларини мутлақо янги босқичга олиб чиқади. Сунъий интеллект ёрдамида йўлга қўйиладиган мониторинг тизими юк ҳажмларини тўғри декларация қилишни таъминлайди ва давлат хазинасига тушумларнинг кўпайишига хизмат қилади.
Амалиётга татбиқ этилаётган рақамли тизим ноқонуний қазиб олиш ва яширин савдо ҳажмини кескин камайтириш орқали тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиради. Энг муҳими, ҳудудий инфратузилмани ривожлантиришга ажратиладиган маҳаллий бюджет даромадларининг барқарор ўсиши таъминланади.





