КОГОН ШАҲАР ҲОКИМЛИГИДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ
2026-11-20 10:55:00 / Мажлислар
Бугун, 20 ноябрь куни Когон шаҳар ҳокимлиги биносининг катта йиғинлар залида коррупцияга қарши курашиш, давлат хизматчилари ўртасида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда хизмат фаолиятида қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш масалаларига бағишланган семинар ташкил этилди.
Унда Когон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи Барака Толибов раҳбарлигида ҳокимлик аппарати ходимлари ҳамда тегишли соҳа мутахассислари иштирок этди.
Семинар давомида коррупциянинг жамият тараққиёти, давлат бошқаруви самарадорлиги ва аҳоли ишончини таъминлашга салбий таъсири, унинг олдини олишда ҳар бир давлат хизматчисининг масъулияти ва шахсий намунаси муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, давлат хизматини амалга ошириш жараёнида қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, хизмат ваколатларидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланмаслик, фуқаролар мурожаатларига холисона ва адолатли ёндашиш ҳамда иш жараёнларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан иштирокчиларга тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди. Коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш, хизмат интизоми ва касбий одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш ҳамда ҳар бир ходимнинг қонун олдидаги масъулиятини ошириш ушбу йўналишдаги ишларнинг муҳим асосидир.
Зеро, коррупциядан холи жамият — адолат, ишонч ва тараққиёт пойдеворидир!
Когон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати









