#Мурожаат 🎙Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимованинг 2025 йилнинг ўтган даврида коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш доирасида шаҳарда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар тўғрисида фуқароларга мурожаати.
2025-10-25 11:45:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

КОРРУПЦИЯ-ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ
Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул килинган бўлиб, 2017 йил 3 январдаги Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига кўра бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Шунингдек, унда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар: аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборатдир.
Шу мақсадда Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳам бу йўналишда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шаҳар ҳокимлиги ва унга қарашли ташкилотларда “Коррупцияга қарши курашиш ички назорат тизими” жорий этилган бўлиб, ҳар чоракда ташкилот раҳбарлари иштирокида “Ҳалоллик куни” ўтказилиб, ходимларга қонунийлик, жавобгарлик, манфаатлар тўқнашуви ва хизмат интизомини мустаҳкамлашга оид тушунтиришлар бериб келинмоқда.
Шаҳар ҳокимлиги ҳузурида “Коррупцияга қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳ” фаолият юритади. Гуруҳ таркибига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари киритилган. Улар томонидан давлат дастурлари ижроси, тендер ва танлов жараёнларининг очиқлиги, шунингдек, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан мунтазам таҳлиллар олиб борилмоқда.
Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги томонидан масъул раҳбарлар иштирокида ҳамда шаҳардаги корхона, ташкилот ва муассасаларда коррупцияни олдини олиш, коррупцияни ҳар қандай кўринишига қарши курашиш бўйича доимий равишда профилактик йиғилишлар, турли тадбирлар ташкил қилиниб келинмоқда.
Коррупцияни олдини олиш, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари муҳим ҳисобланади. Бу борада, давлатимиз раҳбари кўплаб маъруза ва чиқишларида лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, коррупция, сохтакорлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклиги тўғрисида таъкидлаб ўтган.
Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида аҳолимизнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш депутатларга ҳам қатор вазифаларни юклайди.
Хусусан, Халқ депутатлар шаҳар кенгаши депутатлари томонидан ташкилот ва муассасаларда мазкур иллатнинг оқибатлари ва унинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Шунингдек, ўтган уч ой давомида Халқ депутатлари шаҳар кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича Доимий комиссия, “Каттақўрғон тонги” газетаси таҳририяти томонидан “Коррупция-тараққиёт кушандаси” грант лойиҳаси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, таълим муассасаларида, идора ва ташкилотларда коррупция ва унинг оқибатлари, ушбу иллатга қарши курашиш борасидаги тарғибот тадбирлари, ёшлар билан учрашувлар ташкил қилинди. Аҳоли ўртасида сўровномалар ўтказилди
Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ҳузурида “Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича” Доимий комиссия фаолият юритиб, доимий комиссиянинг аъзолари фуқароларни қабул қилиши ва йиғилишлар ўтказиши учун Каттақўрғон Педагогика Институти биносида барча шароитларга эга бўлган алоҳида хонасига эга.
Албатта, бу борадаги табирларни доимий равишда ўтказилиши, бунда жамоат ташкилотлари, депутатлар ҳам мунсиб хисса қўшишлари лозим.
Ҳокимлик фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида барча ходимларнинг “Шахсий манфаатлар декларацияси” электрон шаклда юритилмоқда.
Бундан ташқари, ҳокимлик расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “Очиқ буджет”, “Шаффоф танлов”, “Менинг фикрим” рукнлари орқали аҳолининг назорати ва таклифларини қабул қилиш тизими йўлга қўйилган.
Коррупсияга қарши курашиш борасидаги бу каби чоралар натижасида, шаҳар ташкилотлари фаолиятида очиқлик, масъулият ва фуқароларнинг давлат органларига ишончи янада ортмоқда.
Албатта, Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги келгусида ҳам бу борадаги ишларни изчил давом эттириб, давлат хизматчилари орасида “ҳалоллик, садоқат ва жавобгарлик” тамойилларини янада чуқурроқ сингдиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга оширишни режалаштирган.
Ҳурматли юртдошлар!
Коррупсия — жамият тараққиёти, адолат ва ҳалолликка энг катта таҳдиддир. Шу боис ҳар бир фуқаро, ҳар бир ходим ва жамоатчилик вакили бу иллатга қарши курашишда бефарқ бўлмаслиги лозим. Сизни ҳам ўз ҳудудингизда адолат, ҳалоллик ва очиқлик тамойилларини қарор топтиришда фаол бўлишга, коррупсияга қарши курашиш жараёнларида фуқаролик позициясини намоён этишга чақирамиз!
