Байрам табриги
2026-09-01 13:00:00 / Янгиликлар

Барчангизга тинчлик-осойишталик, сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, файзу барака ва юртимиз тараққиёти йўлидаги эзгу ишларингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Мустақиллик — бу, аввало, халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш, миллий қадриятларимиз, тилимиз ва маънавий меросимизни асраб-авайлаш имкониятидир.
Шу боис ҳам истиқлол байрами ҳар биримиз учун шунчаки сана эмас. У — қалбимизда Ватанга муҳаббат, юртимиз тақдирига дахлдорлик, эртанги кунга ишонч ва шукроналик туйғуларини янада мустаҳкамлайдиган буюк қадриятдир.
Айни пайтда мамлакатимизда мустақилликнинг 35 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бу йилги байрам шодиёналари “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” деган эзгу ғоя асосида ташкил этилмоқда.
Бу ғоянинг замирида жуда катта маъно бор.
Зеро, биз — бир Ватан фарзандларимиз. Мақсадимиз муштарак. Бугунги ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳар бир оила учун муносиб шароит яратиш ва фарзандларимизга янада ёруғ келажак барпо этишдан иборат.
Муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар бугун Касби тумани ҳаётида ҳам ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Бугун биз ана шу натижаларни, аввало, касбиликлар меҳнати ва фидойилигининг самараси сифатида юксак қадрлаймиз.
Энг муҳими, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида аниқ натижаларга эришилмоқда.
Биргина мисол, жорий йил январь-июль ойларида 2 минг 868 нафар аҳолини меҳнат бозорига жалб этиш режалаштирилган бўлса, амалда “Yangi ish.mehnat.uz” платформаси орқали 3 минг 997 та иш ўрни яратилди ва режа 139 фоизга бажарилди.
Бу — оддий рақам эмас. Бу 3 минг 997 нафар инсоннинг даромад манбаига эга бўлиши, минглаб оилаларнинг иқтисодий барқарорлиги мустаҳкамланиши демакдир.
Бугун туманда ижтимоий реестрдаги оилалар сони 2 минг 378 та, камбағал оилалар сони эса 1 минг 101 тага қадар камайтирилиб, камбағаллик даражаси 2,2 фоизга туширилди.
Қадрли тумандошлар!
Касби туманида иқтисодий тараққиёт, инвестиция ва саноат соҳаларида ҳам салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда.
Жорий йилнинг ярим йиллигида туман иқтисодиётига 52,9 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Белгиланган режа 118 фоизга бажарилиб, ўсиш суръати 2 баробарга етказилди.
Йил якунига қадар ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 54,2 миллион доллар бўлган 32 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг натижасида 1 минг 64 та янги иш ўрни яратилади.
Шу билан бирга, жорий йилнинг январь-август ойларидаёқ 27,3 миллион долларлик мева-сабзавот ва саноат маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Бу кўрсаткичлар Касби туманининг инвестициявий салоҳияти, тадбиркорларимиз имкониятлари ва меҳнаткаш халқимизнинг яратувчанлик қудрати тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Қишлоқ хўжалигида ҳам йил бошидан буён захматли меҳнат қилинди.
Жорий йилда туманда 14 минг 550 гектар майдонга ғалла экилиб, 49 минг 800 тонна ҳосил олиш режалаштирилган эди. Амалда 58 минг 93 тонна ғалла ҳосили етиштирилди.
Бу — белгиланган вазифанинг муносиб уддалангани, ерга меҳр, меҳнатга садоқат ва деҳқонларимиз тажрибасининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Чорвачиликда ҳам янги лойиҳалар ишга туширилмоқда. Жорий йилда режалаштирилган 106 миллиард сўмлик 18 та лойиҳанинг 7 таси ишга туширилиб, янги иш ўринлари яратилди. Йил якунига қадар яна 78,3 миллиард сўмлик 11 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Азиз юртдошлар!
Мустақилликнинг энг катта меваси — инсон қадри ва унинг муносиб ҳаётидир.
Шу нуқтаи назардан, таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамиятга эга.
Бугун туманда 64 та умумтаълим мактабида 38 минг 716 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Жорий йилнинг ўзида Касби тумани таълим тизими муассасалари учун 52,816 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Инвестиция дастури асосида бир қатор мактабларда мукаммал таъмирлаш, қўшимча ўқув бинолари ва спорт залларини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу маблағлар — келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимиз учун муносиб таълим шароитларини яратишга хизмат қилади.
Тиббиёт соҳасида ҳам салмоқли ўзгаришлар бор. Касби туман тиббиёт бирлашмасида жорий йилнинг 6 ойида 48 та янги юқори технологияли тиббий амалиёт йўлга қўйилди. Туманда юқори технологик тиббий ёрдам кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда.
Ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳам эҳтиёжманд аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат, уй-жойни таъмирлаш, кийим-кечак, даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун аҳолига қарийб 350 миллион сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.
Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш борасида ҳам муҳим натижаларга эришилмоқда. Жорий йилда 776 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди, 877 нафар хотин-қизнинг иқтисодий имкониятлари кенгайтирилиб, уларга 20 миллиард 186 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.
“Аёллар дафтари”га киритилган 6 минг 51 нафар хотин-қизнинг 93,2 фоизига турли шаклдаги амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Ёшларимиз эришаётган натижалар эса барчамизни, айниқса, ота-оналарни ва устозларни қувонтиради.
“Беш ташаббус” спорт мусобақаларида 48 минг 588 нафар ёш рўйхатдан ўтиб, 42 минг 783 нафари мусобақаларнинг биринчи босқичида иштирок этди.
Вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда касбилик ёшларимиз муносиб натижаларни қўлга киритмоқда. Айниқса, халқаро майдонда Жонбиби Ҳукмова ва Барнохон Сайфуллаеванинг олтин медалларни қўлга киритгани биз учун катта фахр.
Шунингдек, ўтган йили бўлиб ўтган футбол бўйича Давлат хавфсизлиги кубогининг республика финал босиқичида ғалаба қозонган Қоратепа маҳалласи ёшлари шарафига универсал спорт ҳамда мини-футбол майдонлари қуриб берилди ва тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Давлат хавфсизлиги кубогининг бу йилги баҳслари ҳам биз касбиликлар учун анча муваффақиятли келди. Оққамиш маҳалласининг мини-футбол жамоаси ҳам республика финал босқичида зафар қучиб, нафақат туманимизнинг, балки бутун вилоятимиз шарафини ҳимоя қилиб келди.
Касбилик спортчи ёшларимизнинг кетма-кет ғалабали одимлари, давлатимизда спортга бўлган эътиборнинг ёрқин ифодаси десак хато бўлмайди.
Бу ютуқлар ортида фарзандларимизга берилган имконият, устозлар меҳнати, ота-оналарнинг дуоси ва ёшларимизнинг қатъияти бор.
Муҳтарам юртдошлар!
Бугун Касби туманининг маҳаллаларида ҳам янгиланиш ва бунёдкорлик жараёнлари тобора кенгаймоқда.
Жорий йилда Президентимиз қарор ва фармонлари асосида 8 та ижтимоий ва инфратузилма объектида қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари учун 37 миллиард 413 миллион сўм маблағ ажратилди.
“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури доирасида Денов ва Юксалиш маҳаллаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 10 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Таллиюлғун ва Оқтепа МФЙларида янги маҳалла бинолари қурилмоқда.
Бу ишлардан кўзланган асосий мақсад — маҳаллаларимизни янада обод қилиш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, энг муҳими, ҳар бир хонадонда “эртанги кунимиз бугунгидан яхшироқ бўлади”, деган ишончни мустаҳкамлашдир.
Ҳурматли Юртбошимиз таъкидлаб келаётганларидек, мамлакат тараққиётининг асосий таянчи — халқимиз, унинг меҳнати ва бунёдкорлик салоҳиятидир.
Шу боис, бугунги ютуқларимизнинг ҳар бирида Касби туманида яшаётган оддий инсоннинг ҳалол меҳнати, тадбиркорнинг ташаббуси, деҳқоннинг машаққати, устознинг фидойилиги, шифокорнинг масъулияти, ёшларнинг ғайрати мужассам.
Биз бу натижалар билан фахрланамиз.
Аммо эришилган ҳар бир натижа биз учун манзил эмас, балки янги марраларга йўлдир.
Олдимизда янада катта мақсадлар бор. Янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни янада қисқартириш, инвестицияларни кўпайтириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, маҳаллаларимизни янада обод қилиш — барчаси олдимизда турган устувор вазифалардир.
Ишонаманки, бир ёқадан бош чиқариб, бир мақсад сари ҳаракат қилсак, Касби туманининг бугунги ютуқларини янада юксак марраларга олиб чиқамиз.
Азиз касбиликлар!
Мустақиллик бизга буюк имкониятлар билан бирга улкан масъулият ҳам берди.
Уни асраш, қадрлаш ва келгуси авлодларга янада мустаҳкам ҳолда етказиш — барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Шу муборак айёмда барча нуронийларимизга — узоқ умр ва сиҳат-саломатлик, азиз опа-сингилларимизга — оилавий бахт ва хотиржамлик, ёшларимизга — улкан орзу ва мақсадлар сари дадил қадамлар, барча оилаларимизга — файзу барака тилайман.
Яратган эгамиз юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, халқимизни ҳамиша аҳил ва ҳамжиҳат қилсин!
Ҳурматли тумандошлар!
Қадрли касбиликлар!
Сизларни яна бир бор Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллик шодиёналари билан самимий муборакбод этаман!
Хонадонингиздан қут-барака, дастурхонингиздан файз, қалбингиздан шукроналик ва юзингиздан табассум аримасин!
Юртимиз тинч, халқимиз фаровон, мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажакни биргаликда яратаётган барчамизга куч-ғайрат ва улкан зафарлар ёр бўлсин!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз касбиликлар!
Эътиборингиз учун раҳмат!
Тўхтамурод Мейлиев, Касби тумани ҳокими.
