Касби туманида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди
2026-04-02 15:10:00 / Янгиликлар

Касби тумани “Ёшлар ва маънавият маркази”да “Пайшанба — Ёшлар куни” муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди. Мазкур тадбир ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш ҳамда қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамият касб этди.
Учрашувда туман ҳокими Тўхтамурод Мейлиев, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Аброр Аҳмедов, туман прокурори ўринбосари Азиз Ниёзов, туман ИИБ бошлиғи Зафар Турсунов, туман Солиқ инспексияси раҳбари Жасур Чўлиев ҳамда ҳарбий хизматдан қайтган ёшлар иштирок этди.
Мулоқот давомида ёшлар томонидан бандликни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирилди. Ҳар бир мурожаат масъуллар томонидан батафсил ўрганилиб, тегишли йўналишлар бўйича амалий ечимлар ишлаб чиқилиши қайд этилди.
Туман раҳбари Тўхтамурод Мейлиев ёшларнинг ҳар бир мурожаати алоҳида назоратга олиниши, уларни қўллаб-қувватлаш борасида давлатимиз томонидан яратилган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, ёшларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш устувор вазифалардан бири экани қайд этилди.
Бу каби учрашувлар ёшлар ва раҳбарлар ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.








