Хорижий инвестициялар асосида қишлоқ хўжалиги ривожланмоқда
2026-05-30 17:55:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилоятида инвестицион муҳитни яхшилаш ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Касби туманида хорижий инвесторлар иштирокида инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда (https://t.me/qashqadaryobojxona/17421).
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Ж. Файзуллаев тумандаги инвестиция лойиҳалари билан танишиб, “ИНДОРАМА AGRO” хорижий корхонасида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди.
Мазкур лойиҳа доирасида 500 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими жорий этилмоқда, ерлар лазер усулида текисланмоқда ҳамда суғориш каналлари бетонланмоқда. Умумий қиймати 80 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ушбу лойиҳа сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ер унумдорлигини ошириш ва ҳосилдорликни кўпайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида 400 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ижобий таъсир кўрсатади.
Ўзаро мулоқот давомида корхона вакилларига Президентимизнинг 2025 йил 17 декабрдаги “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–250-сон (https://lex.uz/uz/docs/-7934915) Фармони ҳамда унинг корхона фаолиятидаги афзалликлари батафсил тушунтирилди.








