“Сардоба”да ишсизликка ўрин йўқ: аёллар учун янги меҳнат имкониятлари
2026-08-13 14:55:00 / Янгиликлар

Шу мақсадда Кармана тумани ҳокими Шоҳруҳ Болтаевнинг “Сардоба” маҳалласидаги ишсиз хотин-қизлар билан 27-умумий ўрта таълим мактабида учрашуви ташкил этилди. Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда маҳалладаги аёлларни иш билан таъминлаш, уларнинг касб-ҳунар эгаллаши ҳамда замонавий меҳнат бозорида муносиб ўрин топиши масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида “Янги Ўзбекистон қиёфасида бунёд этилаётган “Сардоба”да бирорта фуқаро ишсиз бўлмаслиги керак” деган эзгу мақсад илгари сурилди. Бу ғоя маҳаллада бандликни таъминлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш, ҳар бир ишсиз фуқаро учун муносиб меҳнат имкониятини яратиш зарурлигини англатади.
Айниқса, янги ташкил этилаётган “Сардоба текстил” корхонасининг ишга туширилиши маҳалладаги хотин-қизлар учун янги имкониятлар эшигини очиши кутилмоқда. 80 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган мазкур корхонага маҳалладаги ишсиз аёллар ишга таклиф этилди.
Мулоқот жараёнида аёлларга янги иш ўринларининг имкониятлари, меҳнат қилиш учун яратиладиган шароитлар ва бандликнинг оила фаровонлигидаги ўрни ҳақида маълумот берилди. Энг муҳими, ушбу ташаббус маҳалла хотин-қизлари томонидан кўтаринки кайфиятда, илиқ муносабат билан кутиб олинди.
— “Сардоба”да ҳар бир фуқаро ўз меҳнати билан оиласи фаровонлигига ҳисса қўшиши учун имконият яратишимиз керак. Айниқса, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш — энг муҳим вазифаларимиздан бири, — дея таъкидланди учрашувда.









