Канаданинг Банкротлик бўйича суперинтендант офиси билан учрашув ўтказилди
2026-10-03 11:00:00 / Янгиликлар

Аввал хабар берилганидек, жорий йилги Халқаро тўловга қобилиятсизлик регуляторлари ассоциацияси (IAIR) конференцияси Канада мезбонлигида ўтказилмоқда.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари М. Истамов Канаданинг Банкротлик бўйича суперинтендант офиси (КБСО) раҳбари Э. Ленг билан учрашди.
М. Истамов Ўзбекистонда Адлия вазирлиги ҳузурида Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги ташкил этилгани, соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, суддан ташқари ва суд санацияси механизмларини ривожлантириш, суд бошқарувчилари институтини мустаҳкамлаш ҳамда жараёнларни рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Учрашув давомида Канадада тўловга қобилиятсизлик ва банкротлик соҳасини давлат томонидан тартибга солиш тизими, КБСОнинг ваколатлари ва фаолият механизмлари, лицензияга эга тўловга қобилиятсизлик бўйича мутахассислар фаолиятини назорат қилиш, уларнинг касбий стандартлари ҳамда жавобгарлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, суд бошқарувчиларини тайёрлаш ва лицензиялаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш учун Канада экспертларини жалб қилиш, қўшма ўқув дастурларини йўлга қўйиш ҳамда тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги қонунчиликни ислоҳ қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида илғор тажрибаларни ўрганиш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ва икки томонлама институционал ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга келишиб олинди.

