Ўзбекистон делегацияси IAIR Бош йиғилишида иштирок этди
2026-10-02 16:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги делегацияси Халқаро тўловга қобилиятсизлик регуляторлари ассоциацияси (IAIR)нинг навбатдаги Бош йиғилишида иштирок этди.
IAIR — дунёнинг турли юрисдикцияларида тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги давлат сиёсати, қонунчилик, тартибга солиш ва амалиёт учун масъул давлат органларини бирлаштирувчи халқаро ташкилотдир. Ассоциация 1995 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади аъзо давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини ривожлантириш, тўловга қобилиятсизлик тизимларини такомиллаштириш бўйича илғор ёндашувларни ўрганиш ҳамда самарали тартибга солиш амалиётини ривожлантиришдан иборат.
Бугунги кунда IAIR таркибида 38 та давлатдан 42 нафар давлат ташкилоти, жумладан вазирликлар, агентликлар ва тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги бошқа ваколатли давлат органлари аъзо ҳисобланади.
Бош йиғилиш давомида IAIR раиси ва жорий йилги тадбир мезбони — Канада Банкротлик бўйича superintendenti Elisabeth Lang Ассоциациянинг ўтган даврдаги фаолиятини сарҳисоб қилди. Хусусан, аъзо ташкилотлар ўртасида амалий тажриба алмашишни кенгайтириш, тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги замонавий тартибга солиш ёндашувларини муҳокама қилиш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда IAIR доирасидаги профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган ишлар қайд этилди.
Шунингдек, IAIR Ижрочи котибининг молиявий ҳисоботи, Ассоциация фаолиятининг келгусидаги устувор йўналишлари ва аъзолар ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Бош йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлигининг IAIRга аъзо бўлгани алоҳида таъкидланди.
Мазкур аъзолик Агентликка етакчи хорижий регуляторлар билан бевосита ҳамкорлик қилиш, қонунчилик ва амалиётни такомиллаштириш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш, шунингдек, тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги замонавий ёндашувларни миллий тизимга жорий этиш учун янги имкониятлар яратади.
Йиғилиш якунида IAIRга келгуси йилги раислик Ирландия тўловга қобилиятсизлик ишларига масъул органларига топширилди.




