Ёшлар — келажак бунёдкори. Ҳамиша эътибордаги масала
2024-11-15 20:00:00 / Янгиликлар
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВнинг раҳбар ходимларига 3-сектор ҳудудида яшовчи 50 минг нафардан зиёд ёшлар бириктирилган.
Таъкидлаш керакки, ушбу тизимни йўлга қўйишдан асосий мақсад — оталиққа олинган ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва иш билан таъминлаш чора-тадбирларини манзилли ташкил этишдан иборат, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖХХ ҲПБ бошлиғи, подполковник Рустем Эшимбетов.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жойларда ёшлар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларни қизиқтирган саволлар тингланди, қийнаётган муаммолар ўрганилди. Сўровномалар асосида кўнглига туккан ниятлари, орзу-истаклари, таклифлари аниқланди.
Соҳавий хизматлар раҳбарлари ўзларига бириктирилган уюшмаган ёшлар ўртасида профилактик ишларни ташкил этиш, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашга масъул ҳисобланади.
Бу борада амалга оширилган ишларни Нукус шаҳри мисолида олиб қарайдиган бўлсак, яқинда шаҳардаги 32-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчилари учун «Ватанпарварлик карвони» саёҳати ташкил этилди.
Дастлаб улар Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Нукусдаги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейида бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар, таълим-тарбия жараёни ва ўқувчиларнинг дарсдан ташқари вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган тўгараклар фаолияти билан танишишди.
Шундан сўнг Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳудудида ташкил этилган музейда бўлиб, турли даврлардаги тарихий воқеалар, қурол-аслаҳалар, айни кунда Ватан ҳимоячилари учун яратилган шарт-шароитлар, миллий армиямиз қудратини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича тасаввур ҳосил қилишди.
Шунингдек, ўрганишлар давомида яшаш шароити инобатга олинган ҳолда М.Джубанишев, Ш.Исламов, Б.Шамеков, Б.Туркменбаевларга бир маротабалик ёрдам пуллари топширилди.
Ўтказилган учрашувлардан бирида С.Сабирова ва И.Жарилкасимов ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун кўмак зарурлигини билдиришди.
Уларга субсидия орқали керакли асбоб-ускуналар олиши учун Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига таклиф киритилди.
Ҳозирда улар тадбиркорлик фаолиятини ёлга қўйишга муваффақ бўлишди.
Бандликни таъминлаш юзасидан кўрилаётган чоралар ҳам ўз натижасини беряпти. Уюшмаган ёшларнинг 6 нафарига ишга жойлашиш учун ёлланмалар тақдим этилди.
Яна 3 нафарининг сафарбарлик чақируви резервининг бадали тўлаб берилди. Бундан ташқари, оталиққа олинган ёшлардан С.Зарипбаеванинг яшаш хонадони таъмирланиб, М.Асқаровага янги уй қуриб берилди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, жойларда юқоридаги каби хайрли ишларининг амалга оширилаётгани ёшлар масаласи ҳамиша давлатимиз эътибордалигини яна бир бор исботлайди.
Бу, ўз навбатида, келажагимиз бунёдкорларида эртанги кунга бўлган ишончни мустаҳкамлаб, улкан мақсадлар сари интилишга ундайди.
©️ “Postda” газетаси, Азамат Пирниязов, Қорақалпоғистон Республикаси.