ИИВ раҳбарияти томонидан ТваТОХТДда хизмат олиб бораётган ходимлар иштирокида хизмат интизоми ҳамда қонунчиликка риоя этиш юзасидан учрашув ташкил этилди
2026-06-08 18:15:00 / Янгиликлар

Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментида хизмат олиб бораётган ходимлар иштирокида хизмат интизоми, қонунчиликка қатъий риоя этиш ҳамда шахсий таркиб ўртасида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Юлдошевич Мирзарахимов, ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи подполковник Ҳ.Г.Азизов ҳамда ИИВ ММИваКБТД бошлиғи ўринбосари полковник Т.С.Жуманов иштирок этдилар.
Учрашув давомида ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолиятида қонун устуворлигига амал қилиш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик ҳамда фуқаролар билан муомала маданиятини янада юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Сўзга чиққан раҳбарлар томонидан ҳар бир ходим ўз хизмат вазифаларини виждонан бажариши, ички ишлар органлари ходими деган юксак номга муносиб бўлиши, аҳоли ишончини мустаҳкамлаш йўлида ҳалол ва фидокорона меҳнат қилиши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, шахсий хавфсизликни таъминлаш, хизмат фаолиятида учраши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хизмат интизомига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш ҳамда профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида ходимларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди ҳамда хизмат интизоми ва қонунчилик талабларига сўзсиз риоя қилиш ҳар бир ходимнинг асосий бурчи экани яна бир бор таъкидланди.
Учрашув очиқ мулоқот ва конструктив руҳда ўтиб, шахсий таркибнинг масъулиятини янада ошириш, хизмат самарадорлигини юксалтириш ҳамда қонунийликни таъминлаш борасида муҳим аҳамият касб этди.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи



