audio

    0+
    Криминология соҳасида Германиянинг етакчи илмий муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда

    Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси (Криминология тадқиқот институти бошлиғи ўринбосари И.Ю. Фозилов, ИИВ Академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.A. Ражабов) 2024 йилнинг 15–19 апрель кунлари Германия Федератив Республикасининг Қуйи Саксония Криминология тадқиқот институтига илмий хизмат сафарини амалга оширди.

    Хизмат сафари давомида Қуйи Саксония Криминология тадқиқот институти директори, профессор Блиэсенер Тҳомас билан учрашув ўтказилиб, илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар олиб борилди.

    Музокаралар натижасида криминологик тадқиқотлар натижалари бўйича чоп этилган илмий нашрларни ўзаро алмашиш, ҳамкорликда «Криминология» халқаро илмий-амалий журналини таъсис этиш, шунингдек, биргаликда халқаро форум ўтказиш ва қўшма халқаро илмий-амалий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

    Бундан ташқари, «Staff Mobility» – илмий ходимларнинг алмашинуви дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтининг ходимларини 14 кундан 4 ойгача муддатга Қуйи Саксония Криминология тадқиқот институтига илмий стажировка ўташга юбориш масаласи ишлаб чиқилиши белгиланди.

    Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти Германия Федерал таълим ва тадқиқот вазирлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ), Герман академик алмашинувлар хизмати (DAAD), Немис илмий-тадқиқот жамияти (Deutsche Forschungsgemeinschaft), Германиядаги криминология институтлари (Макс Планк жиноят, хавфсизлик ва ҳуқуқни ўрганиш институти, Висбаден шаҳридаги Криминология маркази) билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйишида Қуйи Саксония Криминология тадқиқот институти томонидан услубий ёрдам кўрсатилиши маълум қилинди.

    Ички ишлар вазирлиги делегацияси аъзолари Қуйи Саксония Криминология тадқиқот институтининг фаолияти ва ишлаш механизмлари билан яқиндан таништирилди.

    Ушбу Институт 1979 йилда ташкил этилган бўлиб, криминологик тадқиқотлар соҳасидаги мустақил илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

    Институт фаолияти Қуйи Саксония Фан ва маданият вазирлиги томонидан молиялаштирилиб, йиллик молиялаштириш ҳажми 1,5 миллион еврони ташкил этади.

    Институтнинг ташкилий тузилмаси бошлиқлар кенгаши, ғайриижтимоий хулқ-атвор омилларини тадқиқ қилиш шўбаси, виктимология тадқиқот шўбаси, ижтимоий назорат институтларини тадқиқ қилиш шўбаси, методик таъминлаш бўлими ва маъмуриятдан иборат.

    Институтда тадқиқотлар фанлараро ёндашув тамойили асосида йўлга қўйилган. Жумладан, Институт илмий ходимлари криминология, социология, психология, ҳуқуқ ва сиёсатшунослик фанлари мутахассислари бўлиб, илмий тадқиқотларни бажаришда ушбу соҳалардаги билимлар комплекс қўлланилади.

    Хизмат сафари якунида Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ва Қуйи Саксония Криминология тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандумни ишлаб чиқиш ва келгусида яқин илмий ҳамкорликни йўлга қўйишга келишилди.

    • view_icon 34