Ўзбекистон ва Уммон ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
2026-11-15 10:35:00 / Янгиликлар

Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ҳамда Уммон Султонлигининг савдо, саноат ва инвестицияларни рағбатлантириш вазири ҳамраислик қилди. Музокараларда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори ҳам қатнашди.
Йиғилишда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперацияси алоқаларини ривожлантириш, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон–Уммон инвестиция компанияси фаолиятини ривожлантириш, энергетика, саноат, геология, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва рақамли технологиялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, Ўзбекистон маҳсулотларини янги бозорларга олиб чиқиш, Уммон портларининг логистика имкониятларидан фойдаланиш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш ҳамда божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида тегишли баённома имзоланди ҳамда ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга келишилди.
Мазкур музокаралар Ўзбекистон ва Уммон ўртасидаги саноат ҳамкорлигини кенгайтириш, ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш ҳамда маҳаллий корхоналарнинг халқаро ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларидаги иштирокини ошириш учун янги имкониятларни муҳокама қилишга хизмат қилди.



