Агентлик ходимлари стратегик режалаштириш ва бошқарув самарадорлиги бўйича малака оширди
2026-11-07 15:10:00 / Янгиликлар
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг 20 нафар ходими 2–6 ноябрь кунлари Ernst & Young (EY) Бизнес академияси томонидан ташкил этилган “Стратегик режалаштириш ва самарадорликни ошириш” мавзусидаги семинар-тренингда иштирок этди.

36 соатлик ўқув дастури давомида стратегик мақсадларни белгилаш, иш жараёнларини оптималлаштириш, ресурсларни самарали бошқариш, хатарларни баҳолаш ҳамда жамоавий ҳамкорликни кучайтириш масалалари ўрганилди.
Машғулотларда халқаро бошқарув моделлари асосида Агентликнинг амалдаги иш жараёнлари таҳлил қилиниб, уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Семинар-тренинг якунида 20 нафар ходим ўқув дастурини муваффақиятли тамомлаб, тегишли сертификатларга эга бўлди.
Мазкур ўқув дастури ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш, натижага йўналтирилган бошқарувни ривожлантириш ҳамда Агентлик фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.



