Матбуот анжумани ўтказилди
2026-10-29 11:15:00 / Янгиликлар

29 октябрь куни Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигида 2026 йилнинг 9 ойлик фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманнинг асосий мавзуси — давлат ва йирик саноат буюртмалари, инвестиция лойиҳалари ҳамда импорт таркибидаги мавжуд талабнинг қанча қисми Ўзбекистонда реал ишлаб чиқариш, янги маҳсулот ва маҳаллий корхоналар учун буюртмага айланаётгани.
2026 йилнинг ўтган 9 ойида давлат харидларининг умумий ҳажми 281,8 трлн сўмни, ўзлаштирилган хорижий инвестициялар эса 42,6 млрд долларни ташкил этди.
Импортдан маҳаллий ишлаб чиқаришга
Тўққиз ойда маҳаллийлаштириш дастури доирасида 117 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 88 турдаги янги маҳсулот ўзлаштирилди, 10,4 мингта янги иш ўрни яратилди.
Импорт ўрнини босиш самарадорлиги 6,2 млрд долларга етди. 176 турдаги маҳсулот импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 838 млн долларга қисқарди.
Шу билан бирга, ишлаб чиқариш учун ҳали фойдаланилмаган бозор имкониятлари ҳам аниқланмоқда. Таҳлиллар асосида умумий қиймати 1,6 млрд доллар бўлган 50 турдаги маҳсулот маҳаллийлаштириш учун тадбиркорларга тавсия этилди.
Маҳаллий корхонага реал буюртма қанча етиб борди?
Саноат кооперацияси доирасида ўтказилган «Миллий саноат занжири» тармоқ кўргазмалари якунида 85 та буюртмачи ва 2 836 та етказиб берувчи ўртасида 4,9 трлн сўмлик 13 561 та давлат хариди шартномаси тузилди.
«Шатакка олиш» механизми орқали эса 201 та маҳаллий корхонада ишлаб чиқарилган 368 турдаги маҳсулот 2,3 трлн сўмга харид қилинди.
Бироқ асосий резерв фақат амалдаги шартномаларда эмас. Келажакдаги 76 та лойиҳа доирасида 1,72 млрд долларлик 933 турдаги маҳсулотни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имконияти аниқланган.
Бу кўрсаткичлар саноат кооперациясидаги асосий вазифа тайёр маҳсулотни харид қилиш билангина чекланмасдан, ҳали импорт қилинаётган ёки келгусида талаб пайдо бўладиган маҳсулотлар бўйича маҳаллий ишлаб чиқаришни олдиндан шакллантириш эканини кўрсатмоқда.
42,6 млрд долларлик инвестициянинг 43 фоизи — маҳаллий контент
2026 йилнинг ўтган 9 ойида ўзлаштирилган 42,6 млрд доллар хорижий инвестициянинг 18,2 млрд доллари ёки 43 фоизи маҳаллий контент ҳиссасига тўғри келди.
Шундан 11,6 млрд доллар қурилиш материаллари, 4,4 млрд доллар иш ва хизматлар, 2,2 млрд доллар эса ускуна ва жиҳозлар ҳиссасига тўғри келган.
Айни пайтда бу йўналишда ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш зарур бўлган ҳолатлар ҳам мавжуд. Ҳисоботларда 7 та тармоқ бўйича ўзлаштирилган 965,2 млн долларлик инвестицияларда маҳаллий контент акс эттирилмаган. Шунингдек, 220 та лойиҳада 2 млрд долларлик қурилиш ҳажмлари бўйича маҳаллий контент улуши ҳисоботларда кўрсатилмаган.
Мазкур масалалар инвестиция лойиҳаларининг маҳаллий иқтисодиётга реал таъсирини аниқ баҳолаш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга.
Давлат харидларида рақобат ва назорат
Тўққиз ойда давлат харидларининг умумий ҳажми 281,8 трлн сўмга етди.
Ягона етказиб берувчилардан ташқари рақобатли харидлар ҳажми 170,4 трлн сўмни ташкил этди. Давлат харидлари жараёнида жами 12,1 трлн сўм маблағ иқтисод қилинди.
Тўғридан-тўғри харидлар ҳажми эса 11,7 фоизга камайиб, 61,6 трлн сўмни ташкил этди.
Харид жараёнларида хавфларни аниқлаш ва назоратни кучайтириш бўйича ҳам бир қатор механизмлар жорий этилди.
Жумладан, «Электрон дўкон»да жойлаштириладиган оферталарнинг 75 фоизини сунъий интеллект орқали модерациядан ўтказиш механизми йўлга қўйилди.
Шунингдек, Электрон кооперация порталида оферталарнинг 88 фоизи стандарт офертага ўтказилди.
Тадбиркорларнинг электрон тизимлардаги закалат маблағларини қайтариш бўйича ўрганишлар натижасида 11 та тадбиркорлик субъектига 19,6 млрд сўмдан ортиқ маблағ қайтарилди.
Давлат харидларини режалаштириш, бошланғич нархни шакллантириш, иштирокчилар учун тенг шароит яратиш ва харид жараёнларини рақамли назорат қилиш бўйича янги механизмлар жорий этилди.
Жумладан, давлат буюртмачиларининг харидлари олдиндан шакллантирилган харид режа-жадвали асосида амалга оширилиши, мазкур режаларнинг порталда олдиндан эълон қилиниши йўлга қўйилди. Бу тадбиркорларга келгусида қайси маҳсулот, иш ёки хизматга талаб бўлишини олдиндан кўриш имконини бермоқда.
Эндиликда давлат буюртмачилари харидни бошлашдан олдин маҳсулотнинг ўртача бозор нархини махсус электрон модуль орқали шакллантириши ва бошланғич нархни шу асосда белгилаши тартиби жорий этилди. Дастлаб ушбу механизм 60 турдаги маҳсулот бўйича қўлланилмоқда.
Давлат харидларининг самарадорлиги харидни режалаштирувчи, техник топшириқни шакллантирувчи ва таклифларни баҳоловчи мутахассислар малакасига ҳам бевосита боғлиқ.
Шу мақсадда Агентлик томонидан edu.icppa.uz давлат харидлари бўйича онлайн ўқув платформаси ишга туширилди.
Бугунги кунга қадар платформада 3 061 нафар фойдаланувчи рўйхатдан ўтган, 878 нафари ўқув курсларини муваффақиятли якунлаб, сертификат олган.
Янги рақамли инфратузилма шакллантирилмоқда
Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш бўйича маълумотларни ягона тизимга бирлаштириш мақсадида Ягона саноат портали тест режимида ишга туширилди.
Порталда саноат корхоналари ва уларнинг маҳсулотлари, ўзлаштирилиши тавсия этилаётган ва имтиёзли импорт товарлар, хомашё ва оффтейк шартномалари тўғрисидаги маълумотларни бир жойда шакллантириш ҳамда кооперация занжирларини яратиш имкониятлари назарда тутилган.
Маҳаллийлаштириш сертификатларини бериш жараёнида ҳам янги рақамли ёндашув жорий этилиб, янги платформа ва электрон калькулятор яратилди.
Шу тариқа ишлаб чиқарувчи, маҳсулот, бозор талаби ва давлат ёки йирик саноат буюртмаси ҳақидаги маълумотларни ягона рақамли муҳитга боғлаш босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда.
Халқаро ва илмий марказлар билан ҳамкорлик
Агентлик ва халқаро молия институтлари ҳамда ташкилотлари ўртасида 40 дан ортиқ учрашувлар ташкил этилди.
Агентлик билан халқаро ташкилотлар ўртасида 3 та меморандум имзоланди.
Жумладан, Korea Elevator University ҳамда Korea Elevator Safety Foundation ташкилотлари билан «Лифт саноати учун кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот фаолияти ва инновацион технологияларни жорий этиш соҳаларида ҳамкорлик меморандуми», KPMG компанияси билан «Соҳа бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми», Сучжоу фан ва технологиялар университети (SUST) билан «Ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум» имзоланди.
Кейинги савол — мавжуд талаб қаерда?
Йил якунига қадар маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 130 трлн сўмга, импорт ўрнини босиш самарадорлигини 6,4 млрд долларга етказиш ҳамда 112 турдаги янги маҳсулотни ўзлаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, маҳаллийлаштириш учун қўшимча 100 турдаги маҳсулотни аниқлаш, инвестиция лойиҳаларида маҳаллий контентни кенгайтириш ҳамда давлат харидларида рақамли назорат ва рақобат механизмларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Матбуот анжуманида Агентлик раҳбарияти ушбу натижалар, мавжуд муаммолар, аниқланган бозор имкониятлари ва келгуси вазифалар юзасидан батафсил маълумот берди.
ОАВ вакиллари давлат харидларидаги рақобат, маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босиш, йирик инвестиция лойиҳаларидаги маҳаллий контент ҳамда тадбиркорларнинг давлат ва саноат буюртмаларига кириши бўйича ўзларини қизиқтирган саволларни бевосита Агентлик раҳбариятига бериш имкониятига эга бўлди.




