Агентликда давлат харидлари масалалари бўйича очиқ мулоқот ўтказилди
2026-10-17 10:50:00 / Янгиликлар

Унда Агентлик раҳбарияти ва мутахассислари, харид операторлари, «Ўзбекэкспертиза» АЖ вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди. Агентлик биносида 20 нафарга яқин иштирокчи бевосита қатнашган бўлса, YouTube орқали ташкил этилган жонли эфирни 50 нафарга яқин тадбиркор кузатиб борди.
Мулоқот давомида давлат харидларида иштирок этиш тартиби, электрон харид тизимларидан фойдаланиш, харид жараёнларидаги янгиликлар ва амалдаги механизмлар, маҳсулотларни сертификатлаш ҳамда харидларда талаб этиладиган ҳужжатлар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбиркорлар давлат харидларида иштирок этиш жараёнида дуч келаётган муаммолар, буюртмачилар талаблари, маҳсулотларнинг мувофиқлигини тасдиқлаш ва сертификат олиш билан боғлиқ саволларини билдирдилар. Кўтарилган масалалар юзасидан тегишли мутахассислар томонидан тушунтиришлар берилди, муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Очиқ мулоқотнинг муҳим жиҳати шундаки, тадбиркорлар ўз муаммо ва таклифларини бевосита Агентлик раҳбарига етказиш имкониятига эга бўлдилар. Бу давлат харидлари тизимида учраётган муаммоларни ўрганиш, уларнинг ечимларини ишлаб чиқиш ва тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтиришга хизмат қилади.
Бундай очиқ мулоқотлар энди ҳар шанба куни соат 10:00 да мунтазам равишда ўтказилади.
Давлат харидлари бўйича савол, муаммо ёки таклифингиз бўлса, очиқ мулоқотда иштирок этиш учун олдиндан рўйхатдан ўтинг.
Рўйхатдан ўтиш: https://forms.gle/jovyK4aSkCK7zEGW6



