Агентликда Ultradecor Global компанияси вакиллари билан инвестициявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-10-13 14:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда Агентлик раҳбарияти, Ultradecor компаниялар гуруҳининг молия директори Алексей Чухан, шунингдек, EY халқаро консалтинг компаниясининг Германия ва Ўзбекистондаги вакиллари иштирок этди.
Ultradecor Global дунёнинг 23 та давлатида фаолият юритиб, 5 500 нафар ходимни иш билан таъминлаган. Компаниялар гуруҳи таркибида ёғоч асосидаги панеллар ишлаб чиқарувчи 7 та корхона, 17 та дистрибуция маркази ҳамда резина ва қоғоз ишлаб чиқаришга ихтисослашган 3 та корхона мавжуд.
Компания Ўзбекистондаги мавжуд 6 та дистрибуция маркази фаолиятини кенгайтириш билан бирга, Тошкент вилоятида йилига 50 минг куб метр ламинатланган плиталар ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ташкил этиш устида иш олиб бормоқда.
Мазкур лойиҳа маҳаллий мебель ишлаб чиқарувчиларни зарур материаллар билан барқарор таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда тармоқдаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, компания Ўзбекистонда IT ва корпоратив хизматлар марказини ташкил этишни режалаштирмоқда. Ушбу марказ орқали 100 га яқин янги иш ўрни яратиш, кўрсатиладиган хизматларнинг қарийб 90 фоизини компаниялар гуруҳининг хориждаги корхоналарига экспорт қилиш кўзда тутилган.
Музокаралар давомида Агентлик раҳбарияти компания вакилларига Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун белгиланган тартибда «Ўзбекэкспертиза» АЖ орқали маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатни расмийлаштириш ҳамда давлат харидларида яратилган имкониятлардан фойдаланишни таклиф этди.
Шунингдек, Ultradecor компаниялар гуруҳининг Ўзбекистондаги фаолиятини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва янги кооперация алоқаларини йўлга қўйишда Агентлик ўз ваколатлари доирасида амалий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Бундан ташқари, компания вакиллари Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган саноат бонд зоналарида иштирок этиш, ушбу ҳудудларда янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишга таклиф қилинди.
Учрашувда Ultradecor компаниялар гуруҳи билан боғлиқ Casa Foundation жамғармасининг Ўзбекистонда фаолиятини йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилиниб, тегишли тушунтиришлар берилди.
Томонлар маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.


