Агентликда саноат кооперацияси ва давлат харидлари бўйича махсус ўқув курси бошланди
2026-10-13 05:25:00 / Янгиликлар

Ўқув курсида вазирлик ва идоралар, тармоқ корхоналари ҳамда ҳудудий ташкилотларнинг саноат кооперацияси ва давлат харидлари йўналишида фаолият юритувчи мутахассислари иштирок этмоқда.
Олти кунлик дастур давомида инвестиция лойиҳаларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш, қўшилган қиймат улушини ҳисоблаш, инвестиция битимларига маҳаллий контент ва технологиялар трансфери бўйича шартларни киритиш ҳамда ушбу кўрсаткичларни аудит ва верификациядан ўтказиш тартиблари ўрганилади.
Шунингдек, импорт ҳажми, ички бозор талаби ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини таҳлил қилиш орқали маҳаллийлаштириш учун истиқболли маҳсулотларни танлаш, ўрта ва узоқ муддатли саноат кооперацияси дастурларини ишлаб чиқиш, уларнинг ижросини мониторинг қилиш, имтиёз ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Давлат харидлари йўналишида харид режасини шакллантириш, харид турини қонунчилик талабларига мувофиқ танлаш, техник топшириқ ва харид ҳужжатларини тайёрлаш, Нархлар модули орқали ўртача бозор ҳамда бошланғич нархни аниқлаш, шартномалар ижросини назорат қилиш ва юзага келадиган низоларни ҳал этиш тартиблари амалий мисоллар асосида кўриб чиқилади.
Дастур доирасида Технологик металлар комбинати ва «Чирчиқ» кимё-индустриал технопаркига сайёр машғулотлар ҳам режалаштирилган. Уларда тингловчилар ишлаб чиқариш занжирлари, маҳаллий таъминотчилар билан кооперация ва корхоналардаги амалий жараёнлар билан бевосита танишадилар.
Курс якунида иштирокчилар танланган маҳсулотлар бўйича маҳаллийлаштириш ва саноат кооперацияси дастури лойиҳаларини ишлаб чиқиб, уларнинг иқтисодий асослари, қўшилган қиймат ҳисоб-китоблари ҳамда кооперация занжирларини тақдим этадилар. Якуний баҳолаш натижаларига кўра сертификатлар топширилади.




