Жиззахда автомобилсозлик саноатига бағишланган «Миллий саноат занжири» кўргазмаси бўлиб ўтди
2026-09-30 10:10:00 / Янгиликлар

Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, «Ўзавтосаноат» АЖ ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада 84 та тармоқ ва ҳудудий корхона ўз маҳсулотлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва технологик имкониятларини намойиш этди.
Икки кун давомида кўргазмада қарийб 1000 нафар иштирокчи қатнашди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, йирик автомобилсозлик корхоналари, давлат буюртмачилари, харид операторлари ҳамда соҳа ташкилотлари вакиллари бир майдонда жам бўлиб, янги кооперация ва ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.
Мазкур кўргазма Президентимиз ташаббуси билан шакллантирилган маҳаллийлаштириш, саноат кооперацияси ва давлат харидлари соҳасидаги мутлақо янги тизим доирасида учинчи марта ташкил этилди.
Дастлабки кўргазмалар жорий йилнинг 14–16 май кунлари Оҳангарон туманида тоғ-кон саноати ҳамда 15–16 июль кунлари Жомбой туманида транспорт соҳаси йўналишларида ташкил этилиб, уларда салмоқли натижаларга эришилган эди. Жумладан:
-
556 турдаги маҳсулот бўйича 2,9 трлн сўмлик шартномалар тузилди;
-
йирик тармоқ корхоналари ва 18 та тадбиркорлик субъекти ўртасида янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун 673 млрд сўмлик 76 та кафолатли харид (оффтейк) шартномасини тузиш бўйича келишувга эришилди;
-
тармоқ корхоналари томонидан «шатакка олиш» тамойили асосида 16 та корхонага 323 млрд сўмлик шартномалар таклиф этилди;
-
70 та «келажак лойиҳаси» доирасида маҳаллийлаштириш режалаштирилган 1,5 млрд долларлик 856 турдаги маҳсулотлар рўйхати шакллантирилиб, ташриф буюрувчиларга тақдим этилди.
Жиззах вилоятидаги кўргазма автомобилсозлик саноатида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва йирик корхоналар ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи рақобатбардош автокомпонентларни ўзлаштириш, маҳаллий корхоналарни йирик ишлаб чиқариш занжирларига жалб этиш ҳамда миллий иқтисодиётда қўшилган қиймат занжирларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Кўргазмада автомобилсозлик ва автокомпонентлар соҳасида фаолият юритаётган корхоналар ўз маҳсулотлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва технологик имкониятларини намойиш этди. Экспозицияларда бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, металл, пластмасса, резина-техника, электротехника ва бошқа саноат маҳсулотлари, шунингдек, янги маҳаллийлаштириш лойиҳалари, инновацион ишланмалар ва технологик ечимлар тақдим этилди.
Кўргазманинг асосий йўналишларидан бири йирик автомобилсозлик корхоналарининг эҳтиёжларини маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг имкониятлари билан боғлаш бўлди. Маҳаллий корхоналар ўз маҳсулотларини йирик буюртмачиларга бевосита тақдим этиб, импорт қилинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, субпудрат ва кооперация асосида ишлаб чиқариш имкониятлари юзасидан музокаралар олиб борди.
Автомобилсозликнинг янги йўналишлари алоҳида зоналарда намойиш этилди
Кўргазма доирасида автомобилсозлик саноатининг бугунги ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларига бағишланган махсус тематик зоналар ташкил этилди.
«Автомобилсозлик экотизими» зонасида электромобиллар, қувватлаш инфратузилмаси, аккумулятор технологиялари, электр транспорт воситалари учун бутловчи қисмлар, шунингдек, қувватлаш станциялари ва батарея модулларининг кесма кўринишлари намойиш этилди.
«Рақамли автомобилсозлик» зонасида саноат роботлари, автоматлаштирилган йиғиш линиялари, рақамли эгизаклар, ишлаб чиқаришни рақамли бошқариш ҳамда сунъий интеллектга асосланган ечимлар тақдим қилинди.
«Келажак лойиҳалари» зонасида эса импорт ўрнини босувчи янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштиришга қаратилган инвестиция ва маҳаллийлаштириш лойиҳалари намойиш этилиб, уларни саноат кооперацияси ва кафолатли оффтейк шартлари асосида амалга ошириш имкониятлари илгари сурилди.
Илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясига алоҳида эътибор қаратилди
Кўргазмада автомобилсозлик саноатини илмий ишланмалар ва малакали кадрлар билан таъминлаш масалалари ҳам алоҳида йўналиш сифатида қамраб олинди.
«Стартаплар ва инновациялар» зонасида ёш муҳандислик жамоаларининг автомобилсозлик саноати учун ишлаб чиққан ишланмалари намойиш этилиб, улар бўйича питч-сессиялар ўтказилди.
Шунингдек, «Ўзавтосаноат» АЖ тизимидаги корхоналар, олий таълим муассасалари ва илмий марказлар ўртасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари (R&D), дуал таълим, кадрлар тайёрлаш, «устоз-шогирд» тизими, инновацион ва стартап лойиҳаларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Ишлаб чиқариш жараёнлари бевосита ўрганилди
Кўргазма дастури доирасида Жиззах вилоятидаги автомобилсозлик корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот турлари, технологик имкониятлари, маҳаллийлаштириш даражаси ва янги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича тақдимотлари ўтказилди.
Шунингдек, иштирокчилар BYD Uzbekistan Factory ва ADM Jizzakh корхоналарида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, технологик линиялар, ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот турлари, маҳаллийлаштириш даражаси ҳамда саноат кооперацияси имкониятлари билан танишди.
Кўргазманинг иккинчи кунида автомобилсозлик соҳасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш, маҳаллий хомашё ва материаллардан фойдаланиш, янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ҳамда маҳаллий корхоналарни кооперация занжирларига қўшиш бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Йирик корхоналар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги учрашувларда буюртмачиларнинг эҳтиёжлари ва ишлаб чиқарувчиларнинг имкониятларини мувофиқлаштириш, истиқболли маҳсулотларни аниқлаш ва янги кооперация лойиҳаларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
B2B ва B2G музокаралари амалий келишувларга қаратилди
Икки кун давомида ташкил этилган B2B ва B2G музокараларида маҳаллий маҳсулотларни етказиб бериш, кооперация ва субпудрат алоқаларини йўлга қўйиш, янги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, оффтейк шартномаларини тузиш ҳамда истиқболли буюртмалар портфелини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Кўргазма маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга йирик автомобилсозлик корхоналарининг эҳтиёжларини бевосита ўрганиш, ўз маҳсулотлари ва ишлаб чиқариш имкониятларини намойиш этиш, янги кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда автомобилсозлик саноатининг етказиб бериш занжирига кириш имкониятларини муҳокама қилиш учун амалий майдон бўлди.
Кўргазма доирасидаги муҳим воқеалардан бири — «Ўзбекэкспертиза» АЖ томонидан «ADM Jizzakh» корхонасида ишлаб чиқарилаётган «Sonet Prime» автомобилига «Маҳаллий ишлаб чиқарилган товар сертификати» топширилиши бўлди. Мазкур автомобилнинг маҳаллийлик даражаси 37 фоизни ташкил этади.
Шунингдек, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга қаратилган 3 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди:
-
«UzAuto Motors» АЖ ва Материалшунослик институти;
-
«UzAuto Motors» АЖ ва Жиззах политехника институти;
-
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ва Материалшунослик институти.
Мазкур ҳамкорликлар автомобилсозлик соҳасида илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, янги технологик ечимларни ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда илм-фан ва саноат ўртасидаги амалий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Кўргазма якунида фаол ва натижадор иштирокчилар 5 та номинация бўйича тақдирланди:
-
«Энг яхши стенд» — «ADMC Dasan» МЧЖ;
-
«Энг истиқболли инновацион стартап» — Жиззах политехника университети;
-
«Энг юқори маҳаллийлаштириш даражасига эришган корхона» — «Жиззах аккумулятор заводи» АЖ;
-
«Энг яхши кооперация лойиҳаси» — «Navoiy Auto Components» МЧЖ;
-
«Инвестициявий жозибадор лойиҳа» — «Hansae Mobility Turan» МЧЖ ХК.
«Миллий саноат занжири» кўргазмасининг аҳамияти шундаки, илгари асосан битта йирик буюртмачи билан ишлаган маҳаллий ишлаб чиқарувчи эндиликда ўз маҳсулотини бир вақтнинг ўзида бир нечта тармоқ корхоналарига таклиф қилиш, янги буюртмачилар билан алоқа ўрнатиш ва бошқа ишлаб чиқариш занжирларига кириш имкониятига эга бўлмоқда.









