Металлургияда импорт ўрнини босувчи янги лойиҳалар муҳокама қилинди
2026-10-07 14:10:00 / Янгиликлар

Учрашувда металлургия саноатида маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, импорт ҳажми юқори бўлган маҳсулотларни ўзлаштириш, йирик корхоналар атрофида саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда маҳаллий етказиб берувчиларни ишлаб чиқариш занжирларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, 2025 йилда республикага 3,8 млрд долларлик 4,8 млн тонна қора металл ва ундан тайёрланган маҳсулотлар импорт қилингани қайд этилди. Шу билан бирга, легирланган ва махсус пўлатлар, чоксиз қувурлар, автомобилсозлик учун юқори мустаҳкамликдаги листлар, ейилишга чидамли пўлат ҳамда юқори аниқликда ишлов берилган компонентлар бўйича маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Жумладан, 2025 йилда 283,3 млн долларлик чоксиз қувурлар импорт қилинган. Мазкур йўналишда йилига 250 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган 275 млн долларлик лойиҳа таклифи муҳокама қилинди.
Шунингдек, автомобилсозлик учун совуқ прокат, легирланган прокат, пўлат арқон, графит электрод, ейилишга чидамли листлар, двутавр ва швеллер каби маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда йирик металлургия корхоналари атрофида кичик ва ўрта бизнес иштирокидаги кооперация лойиҳаларини шакллантириш, маҳаллий етказиб берувчиларни ривожлантириш ва улар билан узоқ муддатли ишлаб чиқариш алоқаларини йўлга қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар 2027–2030 йилларга мўлжалланган «Республика металл баланси»ни маҳсулот тури, пўлат маркаси, стандарт, импорт, мавжуд маҳаллий қувват ва харидорлар кесимида шакллантириш, шунингдек, импорт ҳажми, технологик аҳамияти ва маҳаллийлаштириш имкониятидан келиб чиқиб 10 та стратегик металл маҳсулотини танлаш бўйича ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, давлат раҳбарининг жорий йил 13 июль куни Бекобод шаҳрига ташрифи давомида металлургия соҳасини ривожлантириш бўйича берилган топшириқлар ижросини таъминлашда Металлургия уюшмаси билан ҳамкорлик қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон металлургия уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Томонлар металлургия саноатини ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олди.



