🔬 Ядро физикаси институтининг илмий ва ишлаб чиқариш салоҳияти муҳокама қилинди
2026-09-04 14:55:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Агентлик раҳбарияти, бошқарма ва бўлим раҳбарлари, Ядро физикаси институти директори, академик Илҳом Содиқов ҳамда Материалшунослик институти директори Одилхўжа Парпиев иштирок этди.
📑 Академик Илҳом Содиқов институтнинг илмий салоҳияти, эришилган натижалари, истиқболли лойиҳалари ва мавжуд масалалари юзасидан тақдимот қилди.
Қайд этилганидек, институтнинг 42 гектарлик илмий-ишлаб чиқариш ҳудудида ВВР-СМ тадқиқот реактори, У-150 циклотрони, У-003 электрон тезлатгичи ҳамда гамма қурилмаси фаолият юритмоқда. Институтда 60 дан ортиқ турдаги радиоизотоп маҳсулотлари, жумладан, 20 дан зиёд тайёр радиофармацевтик препаратлар ишлаб чиқарилади. 2025 йилда маҳсулот ва хизматлар экспорти 6,09 млн АҚШ долларини ташкил этган.
🎤 Йиғилиш давомида радиофармацевтика, тиббий буюмларни радиацион стерилизация қилиш, материаллар хусусиятларини яхшилаш, нейтрон радиографияси ва юқори аниқликдаги элемент таҳлили йўналишларидаги мавжуд имкониятлардан саноат тармоқларида кенгроқ фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
🤝 Муҳокамаларда институтнинг асосий илмий қурилмаларини модернизация қилиш, муҳандис-техник кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, илмий ишланмаларни маҳаллий саноат корхоналари эҳтиёжлари билан боғлаш, амалий кооперацияни кенгайтириш ҳамда истиқболли ишланмаларни тижоратлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
〰️ Йиғилиш якунида илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги кооперацияни кучайтириш, институтнинг мавжуд илмий-технологик имкониятларини саноат тармоқларига кенгроқ интеграция қилиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.



