Ўзбекистон ва Хитой ўртасида саноат зоналарини ривожлантириш бўйича амалий ҳамкорлик муҳокама қилинди
2026-08-29 14:35:00 / Янгиликлар

Учрашув доирасида Агентлик вакиллари томонидан Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, Агентликнинг асосий вазифалари ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Шунингдек, тақдимотда Хитойнинг Comprehensive Bonded Zone тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш бўйича ҳамкорлик таклифлари илгари сурилиб, хитойлик тажрибали зона операторини жалб қилиш, рақамли божхона тизимини жорий этиш, йирик инвесторларни жалб қилиш, қўшма ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ва Хитойнинг техник тажрибасидан фойдаланиш масалалари тақдим этилди. Агентликнинг халқаро инвесторлар ва технология эгалари билан қўшма саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлиги билдирилди.
Мулоқотлар давомида SCP Consultants билан Suzhou Industrial Park тажрибасини Ўзбекистондаги саноат зоналарига татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинди. SCP компанияси 14 дан ортиқ мамлакатда 2 мингдан зиёд лойиҳаларда иштирок этган бўлиб, Suzhou Industrial Parkни режалаштириш бўйича катта тажрибага эга.
Учрашув якунида томонлар саноат зоналарини ривожлантириш, технологияларни маҳаллийлаштириш, саноат кооперацияси ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўналишларида амалий ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.



