Агентлик вакиллари Хитойда саноат паркларини қуриш ва бошқариш бўйича халқаро семинарда иштирок этмоқда
2026-08-17 15:30:00 / Янгиликлар

Мазкур семинар Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги ташаббуси билан Сучжоу фан ва технологиялар университети томонидан ташкил этилган бўлиб, унда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Халқаро семинарда Ўзбекистон, Жанубий Африка Республикаси, Индонезия, Эфиопия, Барбадос, Туркия, Иордания, Гренада, Зимбабве ва Ироқ, шунингдек, Африка Иттифоқи Комиссияси (AUC) вакиллари қатнашмоқда.
Семинарнинг асосий мақсади иштирокчиларни Хитойнинг саноат паркларини режалаштириш, қуриш ва самарали бошқариш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда саноат ҳудудларининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш борасидаги илғор тажрибаси билан яқиндан таништиришдан иборат.
Шунингдек, семинар доирасида Хитойнинг етакчи экспертлари ва илмий доиралари иштирокида соҳадаги замонавий ёндашувлар муҳокама қилиниб, иштирокчи давлатлар ўртасида тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.


