🎤 Тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқот ўтказилди
2026-08-14 11:00:00 / Янгиликлар

💬 Мазкур учрашув Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказиладиган VI Очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилди.
🏛️ Тадбирда Агентлик раҳбарияти, давлат харидлари электрон тизимлари операторлари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар, назорат органлари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари қатнашди.
🎤Учрашувда давлат харидлари орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг харидлардаги иштирокини кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятида учраётган муаммо ва тўсиқларни бевосита ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.
📍 Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг май–август ойларида Агентлик томонидан ҳудудларда ўтказилган очиқ мулоқотларда 3 мингга яқин тадбиркор иштирок этди. Улар томонидан 447 та муаммо ва таклиф кўтарилиб, шундан 155 таси жойида ҳал этилди, 75 та масала бўйича ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилди. Яна 214 та масала юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
💬 Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволлар, фаолиятида учраётган муаммолар ҳамда амалий таклифларини Агентлик раҳбарияти ва тегишли ташкилотлар вакилларига бевосита билдирди. Ҳар бир мурожаат мутасаддилар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.
Шунингдек, очиқ мулоқотда аёл тадбиркорларнинг давлат харидларидаги иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, уларнинг электрон харид платформаларидан самарали фойдаланиш, тендер ҳужжатларини тайёрлаш ва рақобатли харидларда иштирок этиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, аёллар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотларни давлат харидларига кенгроқ жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.
📑 Қолаверса, тадбиркорларга давлат харидлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун яратилаётган янги имкониятлар ҳамда электрон харид тизимларидан самарали фойдаланиш бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди.
✔️ Очиқ мулоқот якунида тадбиркорлар томонидан билдирилган муаммо ва таклифларни тизимли ўрганиш, тегишли ташкилотлар билан биргаликда амалий ечимлар ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ижросини назорат қилиб бориш белгиланди.




