Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг 2026 йил биринчи ярим йиллик фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
2026-07-29 12:00:00 / Янгиликлар

САНОАТ КООПEРАЦИЯСИ ВА ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИДА ЯНГИ ТИЗИМНИНГ ДАСТЛАБКИ НАТИЖАЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 февралдаги ПФ–17-сон Фармони билан маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда давлат харидларини иқтисодиётнинг драйвер механизмига айлантиришга қаратилган мутлақо янги тизим жорий этилди.
Мазкур Фармонга мувофиқ Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ташкил этилиб, саноат кооперацияси, маҳаллийлаштириш, маҳаллий контент, давлат харидлари ва қўшилган қиймат занжирларини ривожлантириш билан боғлиқ вазифалар ягона тизим асосида бошқарила бошланди.
ПФ–17нинг асосий мақсади иқтисодиётда «буюртма – ишлаб чиқариш – технология – илм-фан – давлат хариди» занжирини шакллантириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг давлат харидларидаги иштирокини ошириш ҳамда саноат корхоналари ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.
Мазкур ёндашув саноатни ривожлантириш ва давлат харидларини ягона иқтисодий занжир асосида бошқаришга хизмат қилмоқда. Эндиликда давлат харидлари нафақат бюджет маблағларини сарфлаш механизми, балки маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, янги маҳсулотларни ўзлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришнинг муҳим инструментига айланмоқда.
БУГУНГИ КУНГА ҚАДАР ЭРИШИЛГАН НАТИЖАЛАР
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида жорий йилнинг биринчи ярмида 1 746 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада илгари импорт қилинган қатор маҳсулотларни мамлакатимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жумладан, «Навоиязот» АЖда натрий цианид, «Ўз-Тонг Ҳонг Компани» АЖда BYD автомобиллари учун ўриндиқлар, Андижондаги «Ўз-Ҳанwоо» МЧЖда КИА Сонет модели учун ички салон қисмлари ҳамда Намангандаги «Водий Cирcуитс» МЧЖда электрон платалар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Дастур доирасида 83 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиб, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 3,8 миллиард долларга етди.
Ўзлаштириш тавсия этиладиган 1,6 млрд долларлик 50 та товар Агентлик расмий веб-сайтига жойлаштирилди.
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар — муаммолар жойида ўрганилди
Янги тизимнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот механизми йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти билан тадбиркорларнинг ВИ Очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида Агентлик томонидан республика бўйлаб 208 та туман ва шаҳарда очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Мазкур тадбирларда 2 700 нафардан ортиқ тадбиркор иштирок этиб, ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш, давлат харидларида иштирок этиш, сертификатлаштириш ҳамда саноат кооперациясига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқотлар давомида жами 447 та муаммо ва таклиф кўтарилди. Шундан 155 таси жойида ҳал этилди, 75 та масала юзасидан ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилди, 214 та масала бўйича эса тегишли чора-тадбирлар белгиланди ва уларнинг ижроси назоратга олинди.
Мазкур очиқ мулоқотлар тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни жойида аниқлаш, уларга амалий ечим топиш ҳамда давлат ва бизнес ўртасида самарали мулоқотни таъминлашнинг муҳим механизмига айланди.
«Миллий саноат занжири» — янги саноат кооперацияси модели
Жорий йилнинг май ойида Оҳангаронда тоғ-кон саноати, июль ойида эса Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида транспорт соҳасига бағишланган «Миллий саноат занжири» кўргазмалари ташкил этилди.
Мазкур кўргазмалар йирик буюртмачилар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, илмий муассасалар ва технология етказиб берувчиларни ягона майдонда бирлаштирган янги ҳамкорлик платформасига айланди. Натижада 3,8 триллион сўмлик келишув ва шартномаларга эришилди. Шунингдек, тадбиркорларга 1,5 миллиард долларлик маҳаллийлаштириш салоҳиятига эга 856 турдаги янги маҳсулотлар тақдим этилди.
Келишувларнинг асосий қисми давлат харидлари шартномалари, янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича кафолатли келишувлар ҳамда «Шатакка олиш» тамойили асосидаги саноат кооперацияси лойиҳаларини қамраб олди. Бу эса кўргазмалар оддий экспозиция эмас, балки реал ишлаб чиқариш буюртмаларини шакллантирувчи янги платформага айланганини кўрсатди.
Миллий иқтисодиётга қўшиладиган қиймат занжири — йирик инвестиция лойиҳаларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улуши кенгаймоқда
Агентлик томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларида миллий иқтисодиётга қўшиладиган қийматни ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтиришга қаратилган янги механизм жорий этилмоқда. Жорий йилда ўзлаштириладиган 53 миллиард долларлик инвестиция портфелида 21,1 миллиард долларлик миллий иқтисодиётга қўшиладиган қиймат шакллантириш имконияти аниқланди.
Мониторинг қилишнинг янги тизими йўлга қўйилиши натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида ўзлаштирилган 27,6 миллиард долларлик инвестицияларда миллий иқтисодиётга қўшиладиган қиймат улуши 36 фоизни ташкил этди.
Бу эса инвестиция лойиҳаларда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш, ишлаб чиқариш занжирларини ривожлантириш ҳамда қўшилган қийматнинг мамлакат ичида яратилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Давлат харидлари — рақобат кучаймоқда, рақамли хизматлар ва янги механизмлар жорий этилмоқда
Жорий йилнинг биринчи ярмида давлат харидлари ҳажми 188,4 триллион сўмни ташкил этди. Шундан 72,9 триллион сўми бюджет, 115,5 триллион сўми эса корпоратив харидлар ҳиссасига тўғри келди. Рақобатли харидлар улуши 60 фоизга (112,9 триллион сўм) етиб, давлат харидларида 7,8 триллион сўм маблағ иқтисод қилинди. Бу эса давлат харидларида очиқлик ва рақобатни кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини кўрсатмоқда.
Тадбиркорлар мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш мақсадида Агентликнинг Cаll-маркази фаолияти йўлга қўйилди. Март–июнь ойларида тизим орқали 3 650 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 2 764 таси (76 фоизи) ижобий ҳал этилди. Мурожаатларнинг асосий қисми давлат харидлари ва электрон савдо платформаларидан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларга тўғри келди.
Давлат харидларини янада шаффоф ва самарали ташкил этиш мақсадида бир қатор янги механизмлар жорий этилди. Хусусан, харид жараёнларини рақамлаштириш доирасида Товар-хомашё биржасидаги оферталарнинг 90 фоизи, «Кооперация» порталидаги буюртмаларнинг 75 фоизи сунъий интеллект ёрдамида автоматлаштирилган тартибда модерациядан ўтказилмоқда.
Тадбиркорлар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида «Кооперация» порталида закалат ва комиссия тўловлари учун 100 миллион сўмгача янги кредит маҳсулоти жорий этилди. Кредит маблағлари биринчи маротаба 30 кунгача фоизсиз ажратилиши йўлга қўйилди ва бугунги кунга қадар ушбу имкониятдан 48 та корхона фойдаланиб, 5,9 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди.
Халқаро ҳамкорлик — илғор тажрибалар амалиётга татбиқ этилмоқда
Агентлик ва халқаро молия институтлари ҳамда ташкилотлари ўртасида 30 дан ортиқ учрашувлар ташкил этилди. Ҳисобот даврида Агентлик Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Ernst & Young ҳамда бошқа халқаро ҳамкорлар билан давлат харидларини такомиллаштириш, маҳаллий контентни ривожлантириш ва институционал салоҳиятни ошириш йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйди.
Халқаро ташкилотлар билан меморандумлар имзоланди, 40 дан ортиқ давлатнинг илғор тажрибаси ўрганилди.
II ярим йилликнинг устувор вазифалари
Агентлик томонидан жорий йилнинг иккинчи ярмида саноат кооперацияси ва давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор устувор вазифалар амалга оширилади. Хусусан, энергетика, кимё ва нефть-кимё тармоқларида «Миллий саноат занжири» кўргазмалари ташкил этилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан йирик буюртмачилар ўртасидаги кооперация алоқалари янада кенгайтирилади.
Шунингдек, давлат харидларида рақобатни кучайтириш, маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш, харидларнинг ўртача бозор нархини сунъий интеллект асосида аниқловчи модулни тўлиқ ишга тушириш ҳамда харидлар тизимини янада рақамлаштириш ишлари давом эттирилади.
Бундан ташқари, “Make in Uzbekistan” кўргазмаси ва Регуляторлар форумини ташкил этиш, давлат буюртмачилари учун замонавий ўқув ва сертификатлаш платформасини ишга тушириш ҳамда 2027 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган PRIMO–19 халқаро форумига тайёргарлик кўриш Агентлик фаолиятининг устувор йўналишлари бўлади.






