📍 Сурхондарёда навбатдаги очиқ мулоқот ўтказилди
2026-07-10 11:30:00 / Янгиликлар

🎤 Очиқ мулоқотда Сурхондарё вилоятидаги 38 та корхонадан 45 нафар вакил бевосита иштирок этди. Шунингдек, республиканинг 7 та ҳудудий студияси орқали 65 нафар иштирокчи онлайн тарзда жараёнга уланди. Натижада тадбир 110 нафардан ортиқ иштирокчини қамраб олди.
〰️ Мазкур очиқ мулоқотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти билан тадбиркорларнинг VI Очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида ўтказилмоқда. Уларнинг асосий мақсади ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектларини қийнаётган муаммоларни аниқлаш, уларга амалий ечим топиш ҳамда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган таклифларни шакллантиришдан иборат.
Учрашув давомида жами 26 та муаммо ва таклиф билдирилди. Шундан 6 та корхонага тегишли 8 та масала очиқ мулоқотнинг ўзида ҳал этилди. Қолган 10 та муаммо ва 8 та таклиф батафсил кўриб чиқиш учун тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда масъул ижрочиларга йўналтирилди.
Очиқ мулоқотдан сўнг Агентлик директори ўринбосари Илҳомжон Пардаев ҳудудда саноат кооперациясини ривожлантириш дастурига киритилган корхоналар фаолияти билан танишди.
Ташриф доирасида Музработ туманида жойлашган «ALPOMISH SERVIS INVEST» МЧЖнинг инфузион системалар ва бир марталик шприцлар ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда «SURXON KSP-GRAND» МЧЖнинг ламинацияланган ДСП ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти ўрганилди.
Корхоналарда ишлаб чиқариш қувватлари, маҳаллийлаштириш кўрсаткичлари, янги иш ўринларини яратиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнида учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
✔️ Ҳудудларда ўтказилаётган бундай ўрганишлар ишлаб чиқариш занжирини мустаҳкамлаш, корхоналарни саноат кооперациясига кенг жалб этиш ҳамда уларнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.




