📌 Самарқандда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди
2026-05-25 11:40:00 / Янгиликлар

Унда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори ўринбосари Илҳомжон Пардаев, Агентликнинг ҳудудий лойиҳа офиси вакиллари, “Ўзбекэкспертиза” АЖ, тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирок этди.
➡️ Мулоқотда 55 та корхонадан 70 нафар иштирокчи қатнашди. Шунингдек, 13 та ҳудудий студия орқали 140 нафар иштирокчи жараёнга уланди. Умумий ҳисобда очиқ мулоқот 200 нафардан ортиқ иштирокчини қамраб олди.
Учрашув давомида 10 та корхона томонидан 17 та муаммо ва таклиф билдирилди. Шундан 4 та корхонанинг 4 та муаммоси мулоқот жараёнида ҳал этилди, 6 та корхонадан келиб тушган 8 та муаммо ва 5 та таклиф эса тегишли ижрочиларга йўналтирилди.
Очиқ мулоқотдан сўнг Агентлик вакиллари ҳудуддаги йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишди. Хусусан, “OPTIMA SOBIRJON” МЧЖнинг тиббиётда ишлатиладиган инфузион система ва тиббий қўлқоп ишлаб чиқариш, “SAM RAFOAT TEKSTIL” МЧЖнинг парда матоси ишлаб чиқариш ҳамда “SAMARKAND-ENGLAND-ECO-MEDICAL” МЧЖ ҚКнинг инфузион эритмалар ва парентерал дорилар ишлаб чиқариш лойиҳалари кўздан кечирилди.
Мазкур очиқ мулоқотлар тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри ишлаш, мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш ва уларни амалий ҳал этишга хизмат қилади.
➡️ Маълумот учун, май ойида 42 та ҳудудда, июнь–июль ойларида эса яна 166 та туман ва шаҳарда очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, жами 208 та ҳудуд қамраб олинади.



