📌 Андижон вилоятида маҳаллийлаштириш ва саноат кооперацияси лойиҳалари ўрганилди
2026-05-06 10:50:00 / Янгиликлар

➡️ Хизмат сафари давомида ҳудудда амалга оширилаётган маҳаллийлаштириш лойиҳалари, саноат кооперацияси алоқалари ҳамда корхоналар фаолиятида юзага келаётган муаммолар ўрганилди.
Дастлаб, Андижон туманидаги “Ипак йўли” эркин иқтисодий саноат зонасида фаолият юритаётган “China Baoli” хорижий корхонасининг алюмин профиль ва электрон скутер ишлаб чиқариш лойиҳалари билан яқиндан танишилди.
Корхона раҳбарияти билан учрашувда хомашё импорти, божхона тўловлари ҳамда маҳсулот сифати масалалари муҳокама қилиниб, Тожикистоннинг “Talco” алюмин заводи билан ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатишга келишилди.
Шунингдек, “Silk road cambell” корхонасида амалга оширилаётган электробус ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида маҳсулот қисмларини 50 фоизгача маҳаллийлаштириш, ҳудудий корхоналар билан кооперацияни кенгайтириш ҳамда божхона имтиёзлари бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Сафар давомида “UzAuto Motors” АЖдаги “Муҳандислар мактаби” фаолияти билан танишилиб, автомобилсозлик йўналишидаги маҳаллийлаштириш лойиҳалари юзасидан мутахассислар билан фикр алмашилди.
Шунингдек, Шаҳрихон туманидаги “SDK Group” корхонасида ишлаб чиқариш жараёнлари ўрганилиб, корхона томонидан кўтарилган хомашё, сертификатлаш ва кооперация масалаларини ҳал этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Агентлик директори ўринбосари И.Пардаев ва вилоят ҳокими Ш.Абдураҳманов ҳудудий маҳаллийлаштириш дастурига киритилган 124 та лойиҳани қўллаб-қувватлаш, уларга фаолияти давомида амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда йил якунига қадар ўсиш суръатини ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаб олдилар.
Шунингдек, Савдо-саноат палатасида тадбиркорлар билан учрашув ўтказилиб, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди. Учрашув давомида ПФ-17-сон Фармонда белгиланган имтиёзлар бўйича тушунтиришлар берилиб, кўтарилган масалалар юзасидан “йўл харитаси” тасдиқланди.




