📌 Самарқанд вилоятидаги йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишилди
2026-05-04 10:50:00 / Янгиликлар

Дастлаб “Samarqand avtomobil zavodi” МЧЖ қўшма корхонаси фаолияти ўрганилди. 25 йилдан ортиқ тарихга эга корхона 17,5 гектар майдонда жойлашган бўлиб, унинг 3,6 гектар қисми ишлаб чиқариш ҳудудидан иборат. Ҳозирги кунда бу ерда 1 498 та иш ўрни яратилган. 2025 йилда корхонада қиймати 2,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 4 турдаги автобус, 3 турдаги пикап ҳамда 70 дан ортиқ турдаги кузовли юк автомобиллари ва махсус транспорт воситалари ишлаб чиқарилган. Маҳсулотларнинг маҳаллийлаштириш даражаси кузов турига қараб 58 фоизгача етади.
Корхонада маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини янада ошириш истиқболлари муҳокама қилиниб, R&D марказида ўзлаштирилаётган янги маҳсулотлар билан танишилди ҳамда тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, “SAXARI” МЧЖ маиший техника ишлаб чиқариш заводи фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Мазкур корхонада музлаткичлар, совуткичлар, микротўлқинли ва электр печлар, ярим автомат кир ювиш машиналари, металл эшиклар ҳамда чиқинди контейнерларини ўз ичига олган 14 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 2026 йилда корхона томонидан 80 млрд сўмлик ишлаб чиқариш ҳажмига эришиш режалаштирилган.
Ташриф давомида саноат тармоқларини диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улушини ошириш, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
✔️ Якунда ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, маҳсулот номенклатурасини кенгайтириш, қўшилган қиймат занжирларини ривожлантириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошликни ошириш ҳамда экспорт салоҳиятини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.


